Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси сайланди

2020-йилнинг 13 январь куни Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вазирликлар, идора ва корхоналарнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Е.Джуманазаров очди ва бошқариб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ахборот тингланди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг регламенти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ сиёсий партиялар фракцияларининг Оқсоқоллар кенгаши тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессиясида сайланган Оқсоқоллар кенгашининг мажлиси ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси лавозимига 63-сонли “Қоракўл” сайлов округидан депутат Ерниязов Муса Тажетдиновичнинг номзоди тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг келишуви билан сессияда яширин овоз бериш йўли билан 63-сонли “Қоракўл” сайлов округидан депутат Ерниязов Муса Тажетдинович Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси этиб сайланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов сўзга чиқиб, Муҳтарам Президентимизнинг раҳномалигида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган, шу жумладан Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўқтаб ўтди. Бу ишларнинг самарали амалга ошишида республика раҳбари М.Ерниязовнинг ўрни алоҳида эканлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтди. 

Сессияда “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосарини сайлаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди ва 22-сонли “Навоий” сайлов округидан депутат Атажан Ҳамраев яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари этиб сайланди.

Шунингдек, сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесинининг қўмиталарини, уларнинг таркибини ва раисларини сайлаш тўғрисида масала кўриб чиқилди. 49-сонли “Қўнғирот” сайлов округидан депутат С.Турманов Қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитасининг раиси, 4-сонли “Ерназар Олакўз” сайлов округидан депутат Х.Бекчанов Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар масалалари қўмитасининг раиси, 53-сонли “Кегейли” сайлов округидан депутат Д.Қурбаниязов Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитасининг раиси, 9-сонли “Ажинияз” сайлов округидан депутат А.Ибрагимов Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг раиси, 18-сонли “Жамбасқала” сайлов округидан депутат Ш.Атаниязов Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш масалалари ва экология қўмитасининг раиси, 54-сонли “Халқобод” сайлов округидан депутат А.Данияров Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари қўмитасининг раиси, 46-сонли “Кетенлер” сайлов округидан депутат Ш.Уснатдинов Регламент ва депутатлик этикаси масалалари комиссиясининг раиси этиб сайланди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг келишуви билан Қ.Сариев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси этиб тайинланди.

Бўлимлар