Солиқ соҳаси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига солиқ ўзгаришлари етказилмоқда

2020 йил 1 январдан амалга татбиқ этилаётган солиқ соҳасидаги ўзгаришлар янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан белгилаб қўйилди. Албатта, мукаммал яратилган солиқ тизими иқтисодиёт ривожининг асоси ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан жойларда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тарғиб қилинмоқда.

Жойларда Нукус шаҳри давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига ва уларнинг ҳисобчиларига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини ва унда белгиланган янги тартибларни тушунтиришга бағишланган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Айниқса, инсофли тадбиркорлик субъектларининг иш фаолиятида ҳеч қандай текширишларнинг амалга оширилмаслиги ҳам тадбиркорлик субъектларида солиқлардан ҳар хил йўллар орқали қочмасдан солиқларни белгиланган муддатларда тўлаб, солиқ ҳисоботларини тақдим этган ҳолда ҳалол тадбиркорлар сафига қўшилишга чорламоқда. Солиқ текширувларининг таҳлика-таҳлил дастури асосида аниқланиши ҳамда яшил, сариқ ва қизиқ категорияларга ажратилиши белгилаб қўйилди. 

Яшил йўлакчадаги солиқ тўловчилар, уларнинг рўйхатда бўлган даври давомида ҳеч қандай текширув ўтказилмаслиги белгилаб қўйилган бўлса, сариқ рангдаги йўлакчадаги солиқ тўловчилар камерал назорат тартибида назоратга олиниб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинса бошқа текшириш амалга оширилмайди. Қизил йўлакчадаги солиқ тўловчилар эса мунтазам ҳуқуқбузувчилар бўлиб, ушбу фаолият турида аудит текшируви орқали жойида текшириш кўзда тутилган.

Солиқ органи ходимлари томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодексидаги сайёр солиқ текшируви, камерал солиқ текшируви ҳамда солиқ аудити текшириш турлари ҳақида ҳам маълумотлар берилмоқда. 

Шунингдек, тадбирлар давомида якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам кодексда белгиланган ўзгаришлар тарғиб қилинмоқда.

Хусусан, кодексга мувофиқ, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи, бироқ якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахсларга солиқ солиш ва уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида қаралади.

Шу билан бирга, соҳа ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириш, унба белгиланган янгилик ва ўзгаришларни етказиш ишлари давом этмоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

Бўлимлар