Хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинади

Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 4 январь куни 3-сон «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Қарор билан «Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом билан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга ҳимоя ордерининг нусхасини бериш тартиби белгиланди.

Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:

Тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

Жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;

Тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

Давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади.

Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.

Профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида:

Жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади;

Жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганади;

жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.

 

Нукус шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси З.Базарбаева     

Бўлимлар