Жўқорғи Кенгес Раиси Қонликўллик ёшлар билан учрашди

Жорий йилнинг 1 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов Қонликўл туманига ташриф буюриб, бир гуруҳ тадбиркорлар ҳамда фаол ёшлар билан учрашув ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказилган учрашувда “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув шароитида келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, жамиятда аҳоли, айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган дастурий ғоя асосида, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш борасида қатор ишлар амалга оширилиб, ижобий ўзгаришларга эришилмоқда.

Биргина мисол, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, олий ўқув юрти талабаларидан иборат фаол ёшлар гуруҳларининг Орол денгизининг қуриган тубида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини яратиш ишларида меҳнат қилаётган ишчилар ҳолидан хабар олиш, уларнинг машақатли меҳнати билан танишиш мақсадида ҳудудга саёҳат қилиб, “Денгиз чекинса ҳам инсон чекинмайди”, “Биз – ёшлар Орол тақдирига бефарқ эмасмиз” шиори остида ўз кучини Орол учун сарфлаш,  ишчиларга ёрдам бериш ташаббуси билан чиқмоқда.

Бу жиҳатлар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам алоҳида эътироф этилди: “Ёшлар бўйича Қорақалпоғистон Республикасидан бошланган янги ташаббусимизни бутун мамлакатимиз бўйича амалга оширамиз. Мен вилоят раҳбарларини, жойлардаги барча жамоатчиликни ушбу масалага жиддий эътибор беришга чақираман”.

Ёшларимизнинг республикамиз ҳудудларига саёҳат қилиб, ижтимоий-иқтисодий объектлар билан танишиши, маҳаллий ёшлар, тадбиркорлар билан мулоқот қилиши, фикр алмашиши изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Қонликўлдаги учрашувлар ҳам жуда қизиқарли ва самарали бўлди. Куннинг биринчи ярмида туман марказидаги “Ғарезсизлик” кўчаси бўйлаб “Спорт – саломатлик гарови” югуриш марафони ўтказилди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ёшлар марказида маданият ва санъат, спорт соҳаларида муваффақиятларга эришган ёшлар, эл суйган санъаткорлар, маданият ходимлари билан ижодий учрашувлар ташкил этилди, жонли овозда қўшиқлар куйланиб, спектакллардан парчалар намойиш этилди. “Жайҳун” стадионида ўсмирлар орасида Қўнғирот, Хўжайли, Қанликўл ва Шўманай туманлари жамоалари иштирокида футбол мусобақалари ўтказилди. Ғолибларга Президент совғалари - спорт инвентарьлари топширилди.

Тумандаги 18-умумтаълим мактабида “Энг яхши китобхон” танлови ғолиблари, шунингдек, таълим соҳасида юқори натижаларга эришган ёшлар билан мактаб ўқувчиларининг мулоқоти ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан китоблар кўргазмаси ўтказилиб, мактабга 500 дона китоб совға қилинди.

Шунингдек, туман марказидаги “Олтинкўл” гузари бўйида “Ёшлар боғи”ни ташкил этиш мақсадида ниҳолларни экиш тадбири ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар ва туман ёшлари “Кантекс-Инвест” корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишди. Корхона пахта хомашёсидан ип ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган бўлиб, йилига 10 минг тонна ип ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар Россия, Туркия, Польша ва Украина давлатларига экспорт қилинмоқда.

Мазкур корхонанинг мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов бир гуруҳ тадбиркорлар ҳамда фаол ёшлар билан учрашди.

Учрашув давомида ёшларнинг бандлиги, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, китобхонликка йўналтириш, билим олиши, касб эгаллашига шароит яратиш, қобилиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланиб, ҳозирги кунда Орол денгизининг қуриган тубида чўлга чидамли ўсимликларни экишда ёшларнинг қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, уларнинг ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Уларни ҳал қилишга қаратилган тизимли ишларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди ҳамда мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.

Тадбир давомида Жўқорғи Кенгес Раиси қонликўллик бир гуруҳ фаол аёл-қизларга 10 та замонавий телефон, шунингдек, спортчи Усен Шамурадовга “Notebook” совға қилди.

Учрашув сўнгида тадбиркорлар томонидан ёшлар учун маҳорат дарслари ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

Бўлимлар