Берунийлик ИИБ ходими оқланди

ИИБ ходими А.Т (исми ўзгартирилган) фуқаро М.Т (исми ўзгартирилган) қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён етказганликда айбланиб судланган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судида Беруний тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси Ички ишлар органлари таянч пунктларининг “Турон” ОФЙ ҳудуди бўйича профилактика инспектори А.Тга нисбатан чиқарилган суд ҳукми бекор қилинди. У бутунлай оқланди.

Жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг апелляция инстанцияси судида судланувчи А.Тнинг шикояти асосида кўриб чиқилиб, суд ҳукми бекор қилинди. Иш бўйича унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли у айбсиз деб топилиб, оқланди.

Юқори судда, жиноятга дахлдор ёки гувоҳ деб топилган барча шахслар сўроқ қилинди. Жиноят иши юзасидан тўпланган барча ҳужжатлар синчковлик билан холисона ўрганиб чиқилиб, А.Тнинг ҳаракатлари оқибатида фуқарога ёки давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилмаганлиги аниқланди.

Жиноят иши онгда адолат, тилда ҳақиқат ва дилда поклик билан кўрилиб, қонуний, асосли ва адолатли ажрим чиқарилди.

Шунингдек, А.Тга етказилган мулкий ҳамда маънавий зиён оқибатларини қоплаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-312-моддалари тартибида даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини тушунтирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг судьяси Л.Отегенова

Бўлимлар