2020 йилнинг дастлабки кўрсаткичлари: Ички ишлар органларига 23 нафар фуқаро пора таклиф қилган

Жорий йилнинг ўтган даврида жами 23 нафар шахслар ички ишлар органларига пора бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушланиб, улардан жами 18 млн. 940 минг сўм ва 10 минг 400 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган. Мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 211-моддаси тегишли қисмлари билан жами 16 та жиноят ишлари қўзғатилган. Таҳлилларга кўра, 16 та ҳолатнинг 11 тасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома тузмаслик ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирмаслик ёки жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига, 5 тасида содир этилган жиноятни ижобий ҳал қилиш, терговда енгиллик қилиб бериш эвазига пора берилган. Ушбу даврда қайд этилган пора бериш жиноятларининг 4 таси Наманган, 3 тадани Қашқадарё ва Жиззах, 2 таси Навоий, 1 тадани Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳисобига тўғри келади. Мисол учун, фуқаро Т.Тошматов (исми, фамилияси ўзгартирилган) жарима майдончасида турган автомашинани чиқариб бериш ва автомашинани ҳужжациз бошқарганлиги учун тегишли тартибда расмийлаштирилган маъмурий баённома юзасидан чора кўрмаслик эвазига жорий йилнинг 18-январ куни Косон тумани ИИБ ЙҲХБ ходимига 100 АҚШ доллари ва 900 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ёки, фуқаро С.Обидов ва унинг 3 нафар шериклари (исми, фамилияси ўзгартирилган) 120 литр дизел ёқилғисини ўғирлаб, 480 минг сўмга бошқа шахсга сотган вақтда ушланганлиги учун ўғирлик ҳолатини расмийлаштирмаслик эвазига жорий йилнинг 15-январ куни Транспортдаги ИИБ Нукус шаҳар бўлими бошлиғига унинг хизмат хонасида 10 миллион сўм пулларни пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланганлар. Ҳозирда пора берганлиги учун ушланган барча шахслар тергов олдида жавоб бермоқда.

Манба "Xabardoruz"

Бўлимлар