Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 5 нафари тузалмоқда

Республика санитария бош врачи Баҳром Алматов Ўзбекистонда коронавирус билан оғриганларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берди, дея "Kun.uz" ёзмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус билан оғриганларнинг 5 нафарида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовнинг маълум қилишича, улар коронавирусга икки карра тестдан ўтказилгандан сўнг карантинга ўтказилади.

Баҳром Алматов Ўзбекистонда коронавирус ташхиси қўйилганлар орасида тузалганлар ҳам бор-йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Ҳа, ижобий ўзгаришлар бор. Бугунги кунда беш нафар фуқаромизда касаллик белгилари йўқолган. Ўзларини яхши ҳис қилишяпти.

Энди уларни организмда вирус бор-йўқлигига икки марта текширамиз. Шундан сўнг улар эҳтимол шарт 14 кун карантинда сақланади, сўнгра уйларига рухсат берилади», дея Баҳром Алматовнинг онлайн брифингдаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

24 март куни соат 12:20 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 49 нафарни ташкил этмоқда.

Бўлимлар