ССВ ЖССТ билан "COVID-19" бўйича миллий қўлланма” ишлаб чиқди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Мамлакатимизда дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган коронавирус пандемиясига қарши самарали курашиш борасида тезкор ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволаш ҳамда лаборатория текширувларини ўтказиш каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрланган “COVID-19 бўйича миллий қўлланма”да айнан коронавирус инфекциясига қарши зарур чоралар батафсил баён этилган.
  
Қўлланмада COVID-19ни бошқариш алгоритми, жумладан, мулоқотда бўлган шахсларни, шубҳали ҳамда тасдиқланган ҳолатларни бошқариш, янги коронавирус туфайли келиб чиққан касалликнинг енгил формаси билан касалланган беморни уйда парвариш қилиш ва мулоқотда бўлган шахсларни бошқариш тактикасига батафсил тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, қўлланмада коронавирус билан шубҳаланган шахсларни лаборатор текширувидан ўтказиш намуналарини олиш ва уларнинг транспортировкаси, касалланган беморларни клиник бошқарув, тиббиёт муассасаларида коронавирусга қарши курашиш учун инфекцион назорат чораларини ташкил этишда тиббиёт ходимларининг ваколат ва мажбуриятларига кенг ўрин ажратилганлиги билан ҳам эътиборга молик.

Энг муҳими, айни пандемия авж олган бир пайтда ушбу қўлланма барча учун бирдек фойдали. Негаки, унда коронавирус инфекцияси аломатлари сезилган беморларни, халқаро стандартлар асосида, самарали даволаш бўйича тавсиялардан тортиб, соғайган беморларни реабилитация қилишгача бўлган жиҳатлар акс эттирганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу қўлланма билан танишган мутахассислар коронавирусга чалинганларни муолажа қилиш, хасталанганлар билан мулоқот қилганларни назорат қилиш, тиббий кузатув олиб бориш борасида керакли тавсияларга эга бўлишса, фуқаролар эса касаллик ҳақида, ундан сақланиш борасидаги стандарт эҳтиёт чоралари, ҳаво-томчи йўли, яқин мулоқотда бўлиш каби вирус юқиш хавфларидан сақланиш борасида зарур маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

Мутахассислар ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган ушбу қўлланма Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги COVID-19 коронавируси бўйича тавсиялари асосида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳамда ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, доктор Лианне Куппенс раҳбарлиги остида малакали мутахассислар томонидан тайёрланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Бўлимлар