Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси тўғрисида ахборот

Шу йилнинг 29 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессиянинг алоҳида жиҳати, сессия иши онлайн видеомулоқот тарзида олиб борилди. Сессияда Жўқорғи Кенгес, шаҳар ва туман студияларидан Олий Мажлис Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, сектор раҳбарлари, ҳукумат аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очди ва олиб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессияда депутат ва сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати тавсиялари билан таништирилди. Мазкур тавсиялар асосида маҳаллий Кенгаш депутатлари билан сенаторлар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида белгиланган режаларнинг ўзлари сайланган округларда бажарилишини таъминлаш, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирларни аҳоли орасида тарғиб қилиш, яъний, депутатлар билан сенаторларнинг оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда чиқишини ташкил этиш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ўзларининг ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларни рағбатлантириш зарурлиги, бу эса депутатларимиз билан сенаторларимизнинг олдига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни қўйиши таъкидланди.

Сессияда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизда пандемия таъсирини юмшатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, пандемияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар, шунингдек, ишлаб чиқилган дастурлар халқимизнинг хавфсизлигини, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Бу масалалар бўйича ташкил этилган махсус комиссия ва штаб томонидан бугунги кундаги ҳолат мунтазам назорат қилинмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоиз, коронавирус инфекциясига қарши курашишда фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг меҳнати ўз самарасини бермоқда.

Яқинда Хитой давлатидан келган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари юртимизда коронавирусга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаш билан бирга вирусга чалинганларни даволаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар учун Президентимизга ўз миннатдорчилигини изҳор қилгани фикримиз далидидир.

Дарҳақиқат, юртимизда кун сайин бу касалликдан шифо топаётган беморлар сонининг ортаётгани, касалланиш кўрсаткичларининг пасайиши барчамизни бирдек қувонтирмоқда. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистонда 62 нафар фуқаро бутунлай соғайиб чиқиш бахтига муяссар бўлди.

Сессияда бугунгидай синовли кунлар ҳар биримиздан ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни тақазо этаётгани алоҳида таъкидланди.

Бу масалалар бўйича Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ишсиз ва кунлик даромад асосида яшаб келган фуқароларни иш билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини маҳаллалар, хонадонлар кесимида йўлга қўйиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Муҳтарам Президентимизнинг мазкур ташаббуси коронавирус пандемиясига қарши курашишда ва бу ҳолатдан тезроқ чиқишда ўзаро ҳамкорликда ишлашни талаб қилмоқда. Бу масалалар бўйича 2 кун давомида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг сессиялари ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бугунги пандемия шароитида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга сўнгги 3 куннинг ўзида 4 мингдан зиёд ҳомий корхоналар ўз ташаббуслари билан чиқмоқда. Корхона раҳбарларининг бундай ҳайрли ишлари барча шаҳар ва туман Кенгаш сессияларида тасдиқланган.

Муҳтарам Президентимиз томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор фармон ва қарорлари билан бу корхоналарга ҳам кредит, лизинг ҳамда солиқ тўловларидан имтиёзлар берилишини таъкидлаш жоиз.

Чунки бу корхона раҳбарлари томонидан келаси 3 ой давомида 10 минг 646 оилага 30 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдамлар кўрсатилиши, 11 минг 594 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича ўз таклифларини билдириши муҳим аҳамиятга эга.

Муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида барча шаҳар ва туманларда “Саховат ва кўмак” жамғармасининг очилиши муҳтож оилаларга ёрдам беришда алоҳида ўрин тутмоқда. Ҳозирнинг ўзида ушбу жамғармага тадбиркорларимиз ва фуқароларимиз ўзларининг ҳомийлик ёрдамларини кўрсата бошлади.

Кун тартибидаги асосий масала – “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори Х.Каримов, Ички ишлар вазири А.Темирханов, Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчановнинг ҳисоботлари тингланди. Бу бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Қарор асосида секторлар кесимида тузилган ишсиз ва кам таъминланган оилаларнинг рўйхати, уларга ихтиёрий тарзда бириктирилган тадбиркорлар, аҳолининг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, шу ишларда фаол қатнашган тадбиркорларга давлат томонидан имтиёзлар берилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Шунингдек, сессия кун тартибидаги масалалар – Қорақалпоғистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва 2020 йилги иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишлари, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати муҳокама қилинди. Бу масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессиянинг кун тартибида ташкилий масаласи кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов Жўқорғи Кенгеснинг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитасининг раиси лавозимига 2-сонли «А.Досназаров» сайлов округидан депутат Зухра Реймованинг номзодини таклиф қилди.

Сессияда З.Реймова Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди.

Сессияда Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг учинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати

Бўлимлар