Қорақалпоғистондан ҳам Сардобаликларга ёрдам карвони йўлга чиқди

Бухоро вилоятида юз берган табиий офат, Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида содир бўлган фавқулотда вазият – элга келган оғир синовли кунлар экани ҳеч кимга сир эмас.

Хабарингиз бор, 27 апрель куни юртимизга Туркманистон ҳудудидан кучли шамол кириб келди ва Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига катта зарар етказди. Айниқса, ҳодисадан бухороликлар кўпроқ жабр кўрди.
Шунингдек, 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши натижасида Сардоба тумани аҳоли яшаш пункти жиддий зарар кўрди.

Бу икки  ҳодиса одамлар турмуши, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. 
Муҳтарам Президентимиз бу икки вилоятга ҳам шахсан ўзлари бориб, ҳолатни тўлиқ назоратга олди ва бу офатларнинг оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.

Халқимиз азалдан бундай оғир кунларда жипслашиб, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтган. Бугунги қийин шароитда ҳам халқимизнинг мана шу олижаноб фазилатлари янада яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, муқаддас Рамазон ойида ҳар бир юртдошимиз бир-бирига меҳр-мурувватли, саховатли бўлиш кераклигини чуқурроқ ҳис қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ташаббуси билан 2 май куни Сирдарё вилояти Сардоба туманида офат оқибатларини бартараф этиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш, маҳаллий аҳолини озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший техникалар таъминлаш мақсадида 5 миллиард сўмлик беғараз ёрдам пуллари ажратилди ва бундан ташқари 550 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 30 бош қорамол, 35 тоннага яқин гуруч юкланган юк машиналари карвони йўлга чиқди.
Юк машиналари карвонини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов ва кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб қўйди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керак, Бухоро вилоятида юз берган табиий офатдан жабрланган маҳаллий аҳоли учун 30 апрель куни ушбу вилоятга Қорақалпоғистондан ёрдам сифатида озиқ-овқат ва қурилиш материаллари, шу жумладан 25 тонна гуруч, 200 тонна цемент маҳсулотлари юборилган эди.

Қийин вазиятда қолган юртдошларимизга кўрсатилаётган бундай инсонпарварлик ёрдамлари халқимизнинг ҳамжиҳатлигидан, бир-бирларига бўлган меҳр ва эътиборидан далолатдир.


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг матбуот хизмати
М.Ҳабибуллаев олган суратлар

Бўлимлар