ТИЛ ҒУРУРИ

Ўзбек халқи ниҳоятда бағрикенг ва меҳмондўст халқ. Аксиомага айланиб қолган бу фикрни кундалик ҳаётимиз, ўтмишимиз яққол тасдиқлайди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт чизиғидан кўплаб аҳоли, етим болалар Ўзбекистонга кўчириб келинди. Ўзбек халқи уларга бошпана берди, эгнини бут қилди, қорнини тўйғизди. Эвазига ҳеч нарса сўрагани йўқ. Ўша йиллардаги ўзбек хонадонидаги ҳолатни ўзимча тасаввур қиламан: Оиладаги беш фарзанд ёнига яна беш нафар сариқ сочли, кўк кўзли болалар қўшиб олинган. Она болаларига хитоб қиларкан, нонингизни иккига бўлинг, ярмини меҳмонга беринг, меҳмон хафа бўлмасин, кийимингизни эскисини ўзингиз кийиб янгисини меҳмонга беринг, меҳмон хафа бўлмасин, ётоғингизни меҳмонга бериб пастда ўзингиз ётинг, меҳмон хафа бўлмасин, меҳмонлар олдида ўзингизнинг тилда гаплашманг, меҳмон хафа бўлмасин... ТЎХТАНГ! ЎЗБЕГИМ ОНАМ! Ғурурнинг ҳам чегараси бор! Ҳамма нарсани қурбон қилиш мумкин, лекин тилни эмас!!!

Албатта бу тўқима воқеа, бироқ меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиш учун ўзбек миллати ҳеч нарсасини аямаслиги айни ҳақиқатдир.

Энди бугунги куннинг реал воқеликларига қайтсак. Навбатдаги воқеаларнинг бирортасида бирорта сўз қўшилган эмас, фақат ҳақиқатлар. Кейинги вақтларда бошимдан кечирган баъзи ҳодисаларни ҳикоя қилмоқчиман.

Яқинда хизмат сафари билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Нукус-Тошкет учоғи (самолёти)да пойтахтга йўл олдим. Сафарим мазмуни айнан давлат тилига алоқадор хизмат вазифаси бўлганлиги учун ичимда қандайдир она тилига бўлган алоҳида ҳурмат туйғусини сезаётган эдим. Учоқ хонимчалари (стюардессалар)дан “Ассалому алайкум” деган саломимга “Добро пожаловать” аликини олиб, жойимга бориб ўтирдим. Учоқ хонимчалари кўринишидан бири ўзбек, бири рус миллатига мансуб бўлса-да, иккаласи ҳам русийзабон қизлар эди, чамамда. Қизиқ, эътибор берсам, салондаги деярли барча йўловчилар маҳаллий халқ вакиллари бўлсада, ҳеч бири хонимчалар билан ўз тилида гаплашмаяпти (тан олиш керак, ҳаммамиз ҳам шундаймиз, фақат эътибор қилмаймиз!). Улар хизматни бошлаб “что хотите?” дейишганда қандайдир ғурур ўз тилимда “газланмаган сув беринг” дейишга мажбур қилди. Менга эса газланган сув беришди. Иккинчи бор қаттиғроқ оҳангда “сиздан газланмаган сув сўрадим” деганимдан кейин, афтини бужмайтирган хонимча илтимосимни қондирди. Хўш нима бўпти, дейишингиз мумкин. Арзимаган тушунмовчиликдир, лекин алам қиладигани “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг йўловчилар билан мулоқот қиладиган ходимлари давлат тилини билиш у ёқда турсин, ҳатто тушуниншмаса!? Ҳеч бўлмаганда мижоз ҳурмати, давлат тили ҳурмати - тушунадиган даражада ўзбек тилини ўрганишса бўлади-ку!

Сафар давом этаяпти: Тошкентга келиб ўртоғим билан бир кафега кирдик. Официант русийзабон йигит экан. Атайлаб ўзбекча гапирдим, тушунаркан, буюрмаларни тўлиқ олиб келди. Бироқ бирорта ўзбекча сўз айтгани йўқ, занғар.

Озроқ асабийлашдим, яна ўзимни босиб бир воқеани эсладим. 2018 йил дам олиш мақсадида Тошкентдан Сочига учдик. Россия ҳудудига киришда паспорт назорати бошланди. Охирроғида чиқаётганимда хизматдаги ходимлардан бири мени алоҳида хонага таклиф қилди. Кирсам уч нафар русча тушунмайдиган ватандошимиз ўтирган экан. Мендан таржимонлик қилишни илтимос этишди. Уч-тўртта расмий савол-жавобни ҳар икки тарафга тушунтириб бердим. Юртдошларимга берилган охирги савол мени жуда ҳайратлантирди. “Агар русча билмасанглар Россияда қандай яшайсизлар, кўчада юролмайсизлар-ку?”. Мен миллатдошларимизга ачиниб кетдим... Энди шу ҳолатни тескари тасаввур қилиб кўринг: Ўзбекистонга ўзбекчани билмайдиган уч нафар рус йигити кириб келаяпти, уларни паспорт назоратида қандай кутиб олишаркан-а?! Жавоби ҳаммамизга яхши маълум!

Биз шундай бағрикенгмиз, биз шундай меҳмондўстмиз... Ҳатто баъзан “ўз уйимизда ўз тилимизда гапириб хор бўламиз”. Яқинда фейсбукда русча билмайдиган ЙПХ инспектори ва “ўзбекча билмайдиган” ҳайдовчи мажороси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳайдовчи уялмасдан ўзбекча тушунмайман деб, “бемалол кўчада юрибди”. Бу-ям етмагандай, “ўз уйида ўзгани тилини тушунмаган” мезбон ҳижолат бўлиб, қоидабузарнинг “айбини кечирди”. Видеога “ўз уйида, ўз тилида гапириб хор бўлган ўзбек” дея изоҳ қолдирдим.

Устозимиз Қозоқбой Йўлдошев айтганидай, Ўзбекистонда ўзбек тилидан бошқа ҳеч бир тил хўрланиб, оёғости қилинган эмас. Давлат тилини, давлатнинг номида акс этган миллат тилини “иш юритиш тили” қилиш наҳотки миллатчилик бўлса?! ХХ асрнинг 30-йилларида миллатпарвар ва тилпарвар бир гуруҳ зиёлиларимиздан айрилган эдик, энди бу ҳол асло такрорланмайди. Буни ҳамма билиб қўйиши керак. Биз бошқа халқлар тилини қанчалик ҳурмат қилишимизни “жавоби ҳаммамизга яхши маълум” жумласида ифода қилган эдик. Ўз юртида ўз тилини ҳимоя қилолмаган ўзбек – ўзига бекми? Ўзга тил вакиллари “кўчада бемалол юриш” у ёғда турсин, бемалол яшашяпти-ку!

Ўзбек бошқа ҳамманинг тилини ҳурмат қилади-ю, унинг тилини бошқалар нега ҳурмат қилмайди?! Мамлакатимизда нега рус тилида мурожаат бўлса, рус тилида жавоб қайтарилади-ю, ўзбек тилида (давлат тилида!) мурожаат қилинганда давлат тилини билмайдиган ходимлар (стюардесса, официант в.б.) беҳижолат рус тилда жавоб қайтаришади (бу масалада сизга юзлаб мисол топиб беришим мумкин). Нега ўзбек бошқа миллат вакили билан ўз уйида гаплашса ҳам унинг тилида гапириши керак? Нега биргина бошқа миллат вакили қатнашган йиғилиш “меҳмон тилида” олиб борилиши керак?! Нега юртимиздаги элчиларга ўз тилимиз туриб, “ўзга миллат” тилида мурожаат қилишимиз керак?! Ахир элчилардан ўрганмаймизми – катта давлатларниг элчилари бизнинг ҳурматимизга ўзбек тилида гапиришяпти-ку... Тилимизни хор қилаётганларнинг кўпчилиги миллатдошларимиз эмас-ми? Русийзабон миллатдошларим кўзингизни очинг, қалбингизни уйғотинг!

Нега бизда тил ғурури йўқ?!!! Нега миллатимизни, тилимизни севмаймиз?

Биз андоза оладиган Россия ва Европада, Америка-ю Туркияда,  Хитой-у Японияда давлат тилига муносабат қандайлигини ижтимоий тармоқлар орқали яхши биламиз-ку! Нега Ўзбекистон бошқа мамлакатлардек бўлолмайди?! Русийзабон ватандошларимга мурожаат қилмоқчиманки, биз “Пушкин тили”ни ҳурмат қиламиз, Сиздан ҳам Навоий тилини ҳам ҳурмат қилишингизни талаб қиламиз! Хоҳлаган одам билан, хоҳлаган жойда хоҳлаган тилда муомала қилишингиз мумкин. Лекин давлат ишлари давлат тилида юритилиши шарт. Қайси амалдор буни хоҳламаса, ё жаримасини тўлайди ёки лавозимни бўшатиб қўяди. Истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам шундай бўлади!

Фарҳод Бобожонов Қорақадпоқ давлат университети доценти, филология фанлари номзоди.

Бўлимлар