Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига совғалар топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов Хотира ва қадрлаш куни арафасида Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қадирбай Нармановнинг хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.

Уруш фахрийсини 9 май – Хотира ва қадрлаш умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги билан қизғин муборакбод этди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг шу йил 30 мартдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони асосида бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур фармонга мувофиқ, фахрийга 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги» эсдалик медаллари, «Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси» номли китоб-альбоми, «Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари» номли китоб ва эсдалик совға топширилди. Шунингдек, уруш қатнашчисига Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги номидан совғалар берилди.

– Биз уруш фахрийларига кўрсатаётган бундай алоҳида ғамхўрлиги учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз, – дейди Қадирбай Нарманов. – Осмонимиз очиқ, турмушимиз бундан да обод, фарзандларимиз бахтли бўлсин. Халқимиз бугунги қийинчиликларни ҳам енгиб ўтишига ишонаман.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг мардлиги ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг ҳаёт ва меҳнат йўли келажак авлодга ибрат бўлиб қолаверади.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири

М.ҲАБИЙБУЛЛАЕВ олган суратлар

Бўлимлар