Бухоро вилояти ҳокими Қорақалпо­ғистон Республикасига миннатдорчилик хатини юборди

Аввал хабар қилинганидек, Қорақалпо­ғистон Республикаси номидан Бухоро вилоятида юз берган табиий офат, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида юз берган фавқулотда вазиятдан азият чеккан ватандошларимизга инсонпарварлик ёрдамлари юборилган эди.

Бунга жавобан Бухоро вилояти ҳокими номидан Қорақалпоғистон халқига миннатдорчилик хати келди. Хатнинг мазмуни қуйидагича:

Ҳурматли Муса Тажетдинович!

Сизга ва Сиз орқали бутун Қорақалпоғистон Республикаси халқига 27 апрель куни кузатилган кучли шамол ва ёғингарчилик туфайли Бухоронинг табиий офатдан зарар кўрган ҳудудларига жўнатилган энг зарур қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат гуманитар ёрдам учун ташаккур изҳор қиламан.

Коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш кечаётган бугунгидек оғир шароитда кўрсатилган ушбу ёрдам табиий офатдан зарар кўрган фуқароларимиз дуч келган қийинчиликларга бутун халқимиз елка тутаётганини яққол намоён этиб, бирдамлик ҳиссини янада оширмоқда. Биз шундай мураккаб вазиятда “Дўст кулфатда билинади”, деган ҳикматни янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.

Бухороликларнинг самимий дуолари билан Сизни ва қорақалпоғистонликларни Яратганнинг ўзи доимо паноҳида асрасин!

Чексиз эҳтиром билан Бухоро вилояти ҳокими К.Камолов

Бўлимлар