Тил миллатнинг охирги кийими, ундан ҳам ажралсак яланғоч қоламиз...

ТИЛ ҚАШШОҚМИ ЁКИ НУТҚ?..

 

Кўча-кўйда одамларнинг ўзбек тилида ўзаро мулоқотини тинглаб қолсангиз, улар қўллаётган сўзларнинг қанчалик озлигини, бошқачароқ қилиб айтганда нутқининг нақадар қашшоқлигини кўриб ачиниб кетасан киши. Тил муайян тизим қоидаларига бўйсунганлиги боис ўрни билан керакли луғавий бирликлар талаб қилинади. Ўша бирлик хотирага келмаса, олмош (ўша, ҳалиги, анақа, ким, нима) ёки вулгар сўзлар (адабий тилга ёт сўкиш ёки қўпол ва дағал сўзлар) қўлланилади. Бундай ҳолат асосан шаҳар шеваларида кенг тарқалган. Афсуски, бу “касаллик" кейинги вақтларда оммалашиб бормоқда. Оддий халқнинг тилга муносабати, аниқроғи, тилдан фойдаланиш кўникмаси кундан-кунга пасайиб бораётганлиги айни ҳақиқатдир.

Хўш, зиёлилар-чи? Уларнинг орасида аҳвол қандай, деб сўрашингиз мумкин. Ҳужжатчилик билан шуғулланадиган миллий кадрларимиздан ҳам кўпинча эътирозли фикрларни эшитиб қоламиз: “Ўзбек тилида фикрни аниқ ифодалаш қийин”, “Ўзбек тилида маълумотларни тўғри етказиб бўлмайди”, “Ўзбекча хужжатлар тушунарсиз бўлиб қолади”. Демак, тилимиз шунчалик қашшоқ экан-у, биз билмай юрган эканмиз (!).

Келинг, масалага бошқача ёндашамиз. Чиройли кийиниш учун жавонимизда либослар йўқлиги бозорда ҳам кийим топилмайди деган хулосага олиб келмайди-ку. Нега энди кимларнингдир нутқи қашшоқлиги учун тил айбдор бўлиши керак?! ТИЛИМИЗ БОЙ! Афсуски, кўпчилик тилдошларимиз бу бойликдан бебаҳра қолган.

Касални тузатишдан олдин унга тўғри ташхис қўйиш ва тарқалиш ўчоғини, келиб чиқиш манбасини аниқлаш жуда муҳимдир. Нутқий қашшоқлик ҳам ижтимоий касаллик, унинг тарқалиш манбасини аниқлагандан кейингина даволаш муолажаларини ўтказиш мумкин. Ҳақли савол туғилади: тилни қаерда ўрганамиз ва нутқни қандай бойитамиз? Жавоб сифатида асосан учта муҳитни кўрсата оламиз: оила, кўча-кўй, мактаб. Оилада маиший мулоқотни, кўча-кўйда ижтимоий мулоқотни, мактабда эса миллий адабий мулоқотни ўрганамиз.

Тан олиш керак, бугунги кунда оила маскани кўпчилигимиз учун меҳмонхона бўлиб қолган. Оилавий мулоқот, айниқса, кексаларнинг панду насиҳатларини тинглаш аллақачон урфдан қолиб кетган. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора, кимдир телевизор кўради, кимдир гажетлар (гаджет) билан банд (компютер ва телефон ўйинлари, ижтимоий тармоқлардаги бетартиб мулоқотлар). Фақат овқатланаётгандаги икки-уч оғиз суҳбатни ҳисобга олмаса, деярли уйда гаплашилмайдиган ҳолатга келаяпмиз.  

Кўча-кўйдаги аҳвол бунданда бадтар. Икки-учта тилни, яна шунча шевани қориштириб аралаш бир қоришма тилда (буни тил дейиш мумкин бўлса) мулоқотга киришамиз. Кўча тилида энг оммабоп, ёшларга қайта-қайта такрорлаб ўргатиладиган бирликлар бу - сўкишлар. Фарзандингизни икки-уч кун кўчада назоратсиз қолдирсангиз, сиз билмаган анча сўкишларни ўрганиб келишига мен кафил. 

Энди мактаб таълимига келсак, расмий тил ўрганиш маскани энг оғриқли нуқта! Она тилига ажратилган қанчадан-қанча соатларни ҳеч кимга ва деярли ҳеч қаерда керак бўлмайдиган грамматик қоидаларни ўқитиш ва ёдлатишга сарфлаб кўкка совуряпмиз. Балки муҳтарам ҳамкасбларимиз (мутахассислигим ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси) эътироз билдиришар. Лекин мактабдаги (олий таълимда ҳам) она тили таълимида грамматик қоидаларга кўмилиб қолганимиз аччиқ ҳақиқат.

Айтинг-чи, мактаб битирувчилари она тилида камалак рангларини санаб бера оладими? Қариндошлик атамаларини-чи? Ҳеч бўлмаганда Ўзбекистонда ўсадиган ўсимлик ва ўлкамизда яшайдиган ёввойи ҳайвонларнинг номларини билишармикан? Республикамиз ҳудудлари орасидаги мулоқот хулқидаги фарқларни-чи? Бирорта дарсликда ўзбекона мулоқот этикетлари хусусида сўз юритиладими? Буларни қаерда ўрганиш мумкин? Ахир тилдан амалий жиҳатдан фойдаланиш кўникмасини мактабда ўрганмасак, ўргатмасак нутқ билан биргаликда тил ҳам қашшоқлашиб кетаверади-ку!

Тиббиётда шундай қоида бор экан: қайси органдан фойдаланилмаса, шу орган иш фаолиятини сусайтириб боравераркан. Тил ҳам жонли организм, ундаги бирликларнинг истеъмолига тез-тез мурожаат қилинмаса, уларнинг маъноси хиралашиб, йўқолиб бораверади.

Юқоридаги саволларни бекордан бекорга бермадим. Агар мактаб дарсликларида камалак ранглари ва бошқа ранглар кўрсатилиб остига сўзлар билан изоҳ берилганда, машина рангларини тушунтиришда “бошқа тиллар”га мурожаат қилиб ўтирмасдик; қариндошлик атамалари мактабда ўргатилганда акамнинг ўғли ҳам, синглимнинг ўғли ҳам менга жиян бўлиши”ни исботлаш учун натариусга (Қорақалпоғистон ҳудудида) изоҳли луғат кўтариб боришга ҳожат бўлмасди ёки инглизча ўрганаётганда айрим қариндошлик атамаларини тополмай ҳар ким ўз шевасидаги шаклини айтиб ўтирмасди; Оролбўйи ҳудудида яшовчи дўстимнинг ёзган шеърларидаги қушлар ва ҳайвонларнинг номларини англаш учун луғатларга мурожаат қилиб ўтирмасдик; ҳудудлардаги мулоқот хулқидаги фарқлиликлар мактабда ўргатилганда, қорақалпоғистонлик дўстимизнинг муомаласидан андижонлик дўстимиз хафа бўлмасди ёки Тошкентга борган дўстимиз “бизникига ҳам ўтинг” дейишганда “кутилмаган меҳмон” бўлиб мезбонни безовта қилмасди; хоразмлик шогирд “домла фалончиев келдиларми” дейишнинг ўрнига “фалончиев келдими” дея этикет қоидаларини бузиб, домланинг олдида ҳижолат бўлиб ўтирмасди. Хуллас, буларнинг ҳаммаси тилни амалий қўллаш бўйича мен шахсан гувоҳи бўлган ва эсимга тушган муаммолар. Мен билмаган яна қанча муаммолар борлигини Худо билади.

 

https://kruz.uz/files/uploads/photos/ea2d3c046c418536ebe551ff5155652a.png

 

Бу муаммолар мактабда она тилини ўргатиш грамматик таълим тамойилига асосланганлигининг натижасидир. Грамматика фақат ўзга тилни ўрганганда керак бўлиши мумкин. Шу боис грамматикани она тили фанидан ажратиб, юқори синфларда ўрганиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бошланғич синфларга она тилидан бошқа тилларни тиқиштирмаган маъқул.

Ҳар қандай тил парваришга, эътиборга, назоратга муҳтож. Акс ҳолда “гулзорни бегона ўтлар босиб кетиши” табиий ҳол. Тил давлат томонидан ҳуқуқий муҳофазага, жамоатчилик томонидан қатъий назоратга олинсагина равнақ топади. Олимлар ва ёзувчилар томонидан қайта ишланса ва жамоатчиликка тавсиялар берилса, яна-да сайқаллашиб, гўзаллашиб боради. Ўзбек адабий тили ХХ асрнинг 30-40 йилларидаги ҳолатида қотиб қолганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. 90-йилларда озроқ ўзгаришлар бошланган-у, кимларгадир ёқмай қолган шекинли - ҳаракатлар тўхтатилган. Тўғриси, биз ўттиз йилдан бери “ура-ура”чиликка берилиб, “ўзбек тили - давлат тили” деб гердайишдан, тил байрамларини нишонлаб мақтанишдан нарига ўтганимиз йўқ. Ваҳоланки, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун (1995 йилги таҳрири) матнини синчковлик билан ўқиб чиқсангиз, унда ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомига эмас, кўпроқ бошқа тилларнинг истеъмолда бўлиш кафолатларига эътибор қаратилганлигини сезиш мумкин. Қонундаги 24 модданинг бор-йўғи иккитасида (1- ва 22-модда) фақат ўзбек тили ҳақида гап кетади, қолган моддаларда албатта бошқа тиллар “есдан чиқмаган”. Давлат тилида иш юритиш масаласи ҳам ачинарли аҳволга келиб қолгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

 

Яна бир нарса мени ҳайратга солади: дунёдаги деярли барча тиллар ўзга тилдан сўз ўзлаштирганда (агар ўзлаштириш лозим бўлса!) қабул қилинган луғавий бирликни ўзининг тили қонуниятларига мослаб олади. Ўзбек тилида ҳам бу қонуният бир вақтлар бўлган: чор-чоризм (цар-царизм), черков (церковь), бўлиш (волость) каби. Ҳозир эса ўзга тил унсурини ҳеч қандай ўзгаришсиз қабул қилишга мажбурмиз (ким мажбурлашини ўзимиз ҳам билмаймиз!). Қандай беъманилик! Арабчаси борми, форсчаси борми, русчасими, инглизчасими фарқи йўқ. Ўзга тилда қандай бўлса шундай қабул қилиш керак! Тамом, вассалом. Тилимиз табиатини бир тийинга олмаймиз. Кўнгилчанлик ҳам эви билан-да! Халқ орасида шундай қўпол гап бор: “Кўнгилчанглик қилиб, болаларим ўзимга ўхшамай қолди”. Миллатимизнинг кўнгилчанлиги сўзларимизнинг ўзимизникига ўхшамай қолишига сабабчи бўлмоқда. Буни бугун тўхтатмасак, эртага кеч бўлади! (Шундоғам анча кеч қолдик)

Очиқчасини айтганда, республикамиз бўйлаб оғзаки мулоқот қилишга мос табиий стандарт тил ишлаб чиқилмаган. Адабий тил асосан ёзма нутққа мослашган, оғзаки шаклида сунъийлик яққол сезилади. Чунки адабий тилимиздаги луғавий бирликлар ва жумла қолиплари табиий равишда эмас, асосан (рус тили орқали) таржима-калкалар асосида сунъий равишда ясалган. Ҳужжатлар тили ва услуби ҳам ўзга тил қолиплари негизида шакллантирилганлиги боис ўзбек тили ўз табиатидан узоқлашган.

Тилдошлар, уйғонинг! Тилимизни ўз ўзанига қайтарайлик, акс ҳолда ундан айрилиб қоламиз. Тил миллатнинг охирги кийими, ундан ҳам ажралсак яланғоч қоламиз...

 

Фарҳод Бобожонов

Қорақадпоқ давлат университети доценти,

филология фанлари номзоди.

Бўлимлар