Берунийда Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Куҳна ва ҳамиша навқирон Беруний!

 

Беруний туманида ҳозирги кунда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда, эҳтиёт чоралари эса фуқароларимизнинг саломатлигини асрашга қаратилган.

Бугунги кунда юртдошларимиз коронавирус пандемиясига қарши бирдамлик ва матонат билан курашаётган бир пайтда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳар доимгидан-да муҳимдир.

Тумандаги Давлат хизматлари маркази томонидан айни пайтдаги ҳолат масофадан туриб ишлашни тақозо этаётганлини инобатга олиб, ҳар бир фуқарога уйда ўтирган ҳолда, ортиқча харажат ва оворагарчиликсиз телефон алоқаси ва интернет яъни ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали мурожаат қилиш имконияти яратилган.

Фуқаролар кўплаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун масофадан туриб мурожаат қилишга одатландилар. Лекин, айрим кечиктириб бўлмайдиган хизмат турлари борки, уни марказга келмай туриб амалга ошириб бўлмайди.

Беруний тумани Давлат хизматлари маркази илгари кичик бинода жойлашган, хоналари ва фуқаролар кутиш зали ҳам бироз тор эди. Бу эса мижозларга хизмат кўрсатишда марказ ходимларига ҳам айрим ноқулайликлар келтириб чиқарарди.

540,0 кв.м ерни эгаллаган янги бино туман марказида Ҳалқлар дўстлиги кўчаси бўйича жойлашган бўлиб, замонавий қулайликларга эга ва энг сўнги ахборот технологиялари воситалари билан таъминланган замон талабларига жавоб берадиган ушбу бинода эндиликда ситқи дилдан  халқимиз учун давлат хизматларини кўрсатиш арафасидамиз.

- Дарҳақиқат, янги марказ биносида барча қулайликлар мужассам. Иншоотда дам олиш хонаси, тиббиёт хонаси ҳамда болалар майдончаси мавжуд. Бундан ташқари фуқаролар учун яна бир қулайлик. Адлия вазирлиги томонидан ташкил қилинган “Мадад” ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси шу жойнинг ўзида бепул маслаҳатлар бериб боради деди, марказ бўлим бошлиғи Қудрат Розимов.

Масканда электрон навбат тизими жорий этилган ва Халқ банки кассаси ҳам жойлаштирилган.

Хизматлар зарурий антисептик воситалари асосида таъминланган марказда мижозларга масофа сақланган ҳолда хизматлар кўрсатилмоқда.

Давлат хизматларидан фойдаланиш учун ташриф буюрган фуқаролар нафақат тезкор ва сифатли хизмат олишлари, балки марказ ходимларининг муомала маданиятини ҳам баҳолаш имкониятига эгадирлар. Шунингдек, марказ операторлари махсус ускуналар – рақамли имзо планшетлари билан таъминланди.

Яқин вақтлардан буён аҳоли ўртасида давлат хизматлари марказлари ўзининг қулайлиги ва кенг қамровли хизматлар кўрсатаётгани билан тобора яқинроқ танилиб бораётгани айни ҳақиқатдир.

Янги бинонинг кириш қисмида хизматлар ҳақида тўлиқ маълумот берувчи INFOLAND ўрнатилган бўлиб, унда давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатиладиган хизмат номлари ва уларнинг QR-кодлари жойлаштирилган. Мобил телефонда QR-кодни сканер қилиш ҳамда илова орқали ушбу хизмат ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти мавжуд.

Давлат хизматлари марказлари фаолиятини такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Хаммамизга маълум,  “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Ушбу улуғвор ғояни амалга ошириш мақсадида мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат хизматлари маркази иш фаолиятини олиб бормоқда, олис ҳудудларда эса сайёр давлат хизматларини кўрсатиш чоғида тушунтириш ишлари ташкиллаштириляпти, керак бўлса, уйма-уй юриб, марказлар орқали хизматлардан фойдаланишнинг афзалликлари, қулайликлари тушунтирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, айрим давлат хизматлари марказлари биноларининг бугунги ҳолати аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда талабга жавоб бермайди. Бу биноларда аҳоли учун қулай кутиш жойлари, қариялар ва ногиронлар учун махсус ўриндиқлар, она ва бола хоналари каби қўшимча қулайликлар йўқ. Лекин юқорида қайд этиб ўтилганидек, тез орада қолган давлат хизматлари марказлари ҳам кенг ва замонавий ҳамда барча шароитлар мавжуд биноларга эга бўлишади.

Давлат хизматлари маркази фуқароларга 130 дан ортиқ хизмат турларини кўрсатиб келмоқда. Қулай тез ва ишончли хизмат турини кўрсатиш асосий мақсадимиздир.  

 

Давлат хизматлари агентлиги

Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси

Бўлимлар