Ҳужжат номлари моҳиятига мосми?

 

Бобожонов Фарҳод Қурбонбоевич, филология фанлари номзоди, доцент,

Бугунги кунда давлат тилига эътибор давлат ва ҳукумат даражасига кўтарилганлиги нафақат тилшунос олимларнинг, балки бутун ўзбек халқининг қувончидир. Тил муомала ва мулоқотни таъминловчи асосий восита бўлганлиги боис унинг бирликлари узатилаётган маънони тўлиқ ва тушунарли шаклда ифодалашга хизмат қилиши лозим. Кейинги бир неча ўн йилликлар давомида тилнинг эътиборсиз қолдирилиши натижасида унда бегона унсурлар, тушунарсиз атамалар, луғавий маъноси ифода моҳиятига мос келмайдиган бирликлар кўпайиб кетди. Назаримизда, тил эгаларининг масъулиятсизлиги, янада аниқроқ қилиб айтганда, «яширин қўрқуви» натижасида ўзбек тили ёт бирликлар, илмий асоссиз калькалар учун «очиқ майдон»га айланиб қолди. Ўз уйимизда ўз тилимизни ҳимоя қилишга журъат ва «имконият» бўлмади. Четдан кираётган сўз ва атамалар деярли назорат қилинмаганлиги боис тилда кўплаб ғализликлар пайдо бўла бошлади. Аслида бу вазифа, биринчи навбатда, биз – тилшуносларнинг, шунингдек, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, қолаверса, барча тил эгаларининг зиммасидаги иш бўлса-да, «қўрқув» ва эътиборсизлик тилимизни кундан-кунга бузилишига сабабчи бўлиб келди. Натижада, адабий тил жонли тилдан тобора узилиб, сунъийлашиб бораверди. Бу кетишда ўзбек тилининг жамият талабларига жавоб беролмай қолиши тайин. Тилимизга ўзлашмаларни киритишда шу пайтгача «қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш» ёки «калька сўзга сунъий маънони ёпиштириш» каби беъмани тамойилларга амал қилиб келинди. Халқ тафаккурида янги бирлик кўзланган маънони гавдалантира олишига деярли эътибор қаратилмади. Ваҳоланки, дунёнинг деярли барча тилларида четдан кираётган унсурларга биринчи навбатда қабул қилувчи тилдан янги маънога мос муқобил изланади ёки янги ясалма ҳосил қилинади. Бунинг иложи бўлмаганда эса ўзлашма мазкур тилнинг оҳанг (фонетик) табиатига мослаб қабул этилади. Биз йиллар давомида «совет идеологияси» таъсирида ўзга тил унсурларини «ўзгаришсиз» қабул қилиш анъанасига амал қилиб келдик. Ҳатто мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳам, қисқа муддатли ўзгаришларни ҳисобга олмасак, бу тамойилдан воз кеча олмадик. Кеч бўлса-да ўзлашмаларга бўлган муносабатни ўзгартирадиган вақт келди, деб ўйлаймиз. Шу боис ҳужжатларнинг номланиш муаммосига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Тилдаги ҳар қандай сўз ёки атама тил эгалари тафаккурида боғлиқликда (ассоциатив ҳолда) яшайди, яъни бирор сўз ёки атамани эшитиш билан унга ёндош тушунчалар ҳаёлимизда гавдаланиб, ифодаланаётган маънони аниқлаштиришга хизмат қилади. Ҳар қандай атаманинг луғавий маъноси у ифодалаётган тушунчанинг моҳиятини англашда очқич вазифасини бажариши лозим. Масалан, «йўриқнома» атамасини эшитишимиз билан «йўл-йўриқ» (тегишли тавсиялар), «йўриғи билан» (тартиб-қоидаси билан), «нома» (хат, ёзув) бирликлари боғлиқлиги ҳаёлимизга келади ва атаманинг моҳияти – «муайян нарса предметга тегишли, ундан фойдаланишга доир тавсиялар, қоидалар» эканлиги англашилади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида «инструкция» атамаси ўрнига қабул қилинган мазкур атама тўлалигича ўзини оқлаб, тилимизга сингишиб кетди.

Бироқ ҳужжатчиликда барча ўзлашмаларнинг қайта номланиши ҳам муваффақиятли чиққан, дея олмаймиз. Фикрларимизни асослаш учун айрим сўз ва атамаларни таҳлилга тортамиз. Ўзбекча иш юритишда кўпчилик ҳолатда русча номнинг муқобили сифатида кўпинча арабча-форсча атамалар киритилган: таржимаи ҳол (автобиография), тавсиянома (рекомендация), тавсифнома (характеристика), гувоҳнома (удостоверение, свидетельство), маълумотнома (справка, обективка), далолатнома (акт), «шартнома» (договор) каби. Мазкур ҳужжат номларига улар ифодалайдиган тушунча нуқтаи назаридан ёндашиб, моҳиятни қай даражада очиб бера олишига эътибор қаратмоқчимиз.

Мустақиллик давридан олдин ҳам қўлланилиб келинган «таржимаи ҳол» бирикмаси русча «автобиография» сўзининг муқобили сифатида кўп йиллардан бери истеъмол қилиниб келмоқда. Мазкур ҳужжат тури «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «Кишининг ўз шахсий ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган баён» дея изоҳланади. Ҳар қандай атаманинг ва ҳужжат номининг этимологияси у ифодалаётган тушунчага мос бўлиши лозим. Русча «автобиография» (авто-йўл, био-ҳаёт, графо-ёзаман – яъни ҳаёт йўлини ёзаман) ёки қорақалпоқча «өмир баяны» (умрни ёки умр йўлини баён қилмоқ) бирликлари ҳужжатнинг моҳиятини тўла англата олади, бироқ «таржимаи ҳол»га эса сунъий равишда «ҳаёт йўли ҳақида ёзилган баён» ёрлиғи ёпиштирилган, чунки унинг этимологияси (таржима-ўгириш, ҳол-аҳвол, вазият) ифодалайдиган тушунчасига мос эмас. Атама таркибидаги бирликларнинг алоҳида ифодалаган маънолари ва биргаликда англатган маънолари орасида боғлиқлик йўқлиги тил эгалари тафаккурида чалкашликка олиб келади. Бу ҳам етмагандек, у ғирт ўзлашма, яъни арабча сўз. Шу боис ҳам мактаб ўқувчилари бу атамага дуч келганда қандай ҳужжат ҳақида гап кетаётганини тасаввур қила олиши қийин.

Шунингдек, бир-бирига эгизакдек ўхшаш тавсиянома ва тавсифнома атамалари ҳам маъноси изоҳлаб бермагунча тил эгаларига тушунарсиз бўлиб қолаверади. «Ўзбек тилида иш юритиш» фанини ўқитишда талабалар орасида ўтказган машғулотларимиз шуни тасдиқлайдики, бу икки атамани кўпчилик чалкаштиради, бу ҳолат катталар орасида ҳам учрайди. Айниқса, тавсифнома атамаси тилимизда ҳалигача сунъийлигини сақлаб, тилга сингиша олмай келмоқда. Оғзаки мулоқотда фикр тушунарли бўлиши учун кўпинча унинг русча муқобили характеристика қўлланилади. Нутқимизда русча сўзлар аралаштирилишига асосий сабаб ҳам айрим сўз ва атамаларнинг кўзланган маънони тўлиқ ифодалай олмаслигидир. Қорақалпоқ тилида бу атама минезлеме (минез - ҳулқ) шаклида ишлатилиб тил эгалари учун осонгина тушунилади ва оммавий тарзда оғзаки нутқда қўлланилади.

«Гувоҳнома» (луғавий маъноси - гувоҳ хати) сўзи ҳам ўзбек ҳужжатчилигида тушунчани мавҳум тарзда ифодалайди. Мазкур атама кўпинча шахсни, малакани тасдиқловчи ҳужжатларга нисбатан қўлланилса-да, унинг онгимизда пайдо қиладиган маъноси кўзланган тасаввурни акс эттира олмайди. Шу боис кейинги пайтларда малакани тасдиқловчи ҳужжатлар инглиз тилидан кирган «сертификат» атамаси билан ифодаланмоқда. «Маълумотнома» атамаси ўзбек тилида рус тилидаги справка ва оъективка атамаларининг муқобили сифатида қўлланилади. Бироқ луғавий маъноси ифодалайдиган ҳужжат турларига нисбатан анча мавҳум. Иш юритишда «далолатнома» (акт) атамасининг ҳам ҳужжат моҳиятини тўла очиб бера олмаслиги амалиётда яққол сезилади.

Бундай маъноси ғализ ҳужжат номлари талайгина. Бугунги ёшларимиз, оддий халқ оммаси кўплаб ҳоллатларда ҳужжатларнинг номларидан уларнинг моҳиятини англашмайди.

Кузатишларимиз шуни тасдиқлайдики, ўзбекча иш юритишда ҳужжатларнинг номланиши масаласини илмий ёндашув асосида қайта кўриб чиқиш бугунги кун талабига айланиб бормоқда. Мақсадни амалга ошириш учун, аввало, илмий семинарлар, назарий-амалий анжуманлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилиниши, ёш тадқиқотчиларга мазкур масалага доир мавзулар тавсия қилиниши мақсадга мувофиқ. Албатта натижалар ваколатли органлар томонидан эътиборга олиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиши лозим.

Ҳужжат номларини қайта кўриб чиқишда муайян тамойилларга асосланиш керак:

1) номланишнинг ҳужжат моҳиятига мослиги (истеъмолда бўлиши, оммага тушунарлилиги);

2) ясалманинг асослар маъноси билан боғлиқлиқлиги;

3) атаманинг ихчамлиги (содда ёки қўшма сўз бўлиши);

4) сўзнинг соф туркийлиги.

Янги атамалар яратишда мазкур тамойилларни тўла қамраш имкони бўлмаслиги мумкин. Имкон қадар уларга асосланган ҳолда ҳужжат номларини қайта кўриб чиқиш – келажак авлод фойдаси учун жуда муҳим. Тажриба-синов тариқасида баъзи ҳужжат номларининг муқобил вариантларини тавсия қилиб ўтишни мақсадга мувофиқ ҳисоблаймиз.

Юқорида таҳлилга тортилган «автобиография» атамасининг маъносини ифодалаш учун қўлланилаётган «таржимаи ҳол» бирикмаси вазифасида «умрйўл» ёки «умр баёни» атамалари қўлланилса тил эгаларига, айниқса, мактаб ўқувчиларига ҳужжат моҳияти тушунарли бўлган атама пайдо бўлиб, кўпчиликнинг мушкули осон бўлар эди.

Шунингдек, тавсифнома атамасини «хулқнома» дея номлаш мақсадга мувофиқ, назаримизда. Бу билан тавсифнома ва тавсиянома - эгизак атамаларнинг чалкашлигига барҳам бериш билан бирга ҳужжат моҳиятини тил эгаларига тушунарли тарзда ифодалаш имкони яратилган бўларди. Чунки ҳужжат моҳиятан инсон хулқини таърифлайди. Атаманинг ўзбек тили табиатига мослиги яққол намоён бўлаётганини сезиш мумкин.

Гувоҳнома (удостоверение) атамасининг ҳам иш юритишда анча мавҳум маъно ифодалашини таъкидлаб ўтгандик. Шахсни ёки унга тегишли малакаларни тасдиқлашга хизмат қилувчи мазкур бирлик ўрнига «ёрлиқ» атамасини истеъмолга киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Муайян шахснинг шахсиятини ва хизмат ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатга нисбатан тарихда «ёрлиқ» атамаси қўлланилгани бизга маълум. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «ёрлиқ» сўзига шундай таъриф берилади: «Бирор амал, унвон, суюрғол ва ш. к. берилганлиги ҳақидаги расмий хужжат; фармон». Изоҳнинг аниқлигини, сўзнинг олдин истеъмолда бўлганлигини ва тушунчани тўлиқ ифодалай олишини ҳисобга олсак, бу атамадан бугунги кунда ҳам бемалол фойдаланиш мумкин. Фикримизни ойдинлаштириш учун қиёсий мисоллар келтирамиз: туғилганлик ҳақида гувоҳнома – туғилганлик ёрлиғи; ҳайдовчилик гувоҳномаси – ҳайдовчилик ёрлиғи; хизмат гувоҳномаси – хизмат ёрлиғи каби.

Русча «справка» маъносида қўлланувчи «маълумотнома» атамаси иш юритишда икки маънода қўлланилади: 1.Шахсий маълумотнома – муайян фаолиятни (ўқишни, ишлашни, яшашни в.ҳ.) тасдиқлашга хизмат қилувчи ҳужжатни ифодалайди. Мазкур ҳужжат турини бемалол «тасдиқнома» деб аташ мумкин, чунки унинг моҳияти давлат идоралари томонидан фуқароларнинг қандайдир фаолияти (яшаши, ўқиши, ишлаши в.ҳ.) ҳақидаги ахборотни тасдиқлашга йўналтирилган. 2.Хизмат маълумотномаси – муайян корхона, ташкилот ёки муассасанинг хизмат фаолияти ҳақидаги ахборотларни ўзида жамлаштиради, яъни идоранинг иш фаолияти таҳлил қилинган ҳужжат маъносини ифодалайди. Бу ҳужжатни «хизмат таҳлилномаси» десак, маънонини тушунарлироқ тарзда ифодалаган бўлардик.

«Маълумотнома» атамасининг «объективка» маъносини ифодалаш учун «кимлик» сўзини ёки «кимлик маълумотномаси» бирикмасини тавсия қилиш мумкин. Мазкур атама дастлабки қўлланишида ғализроқ туйилиши мумкин. Бироқ ҳужжатнинг моҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, унда бирор шахснинг тўла маълумотлари ва фаолияти акс этади, яъни унинг «кимлиги»га аниқлик киритилади. Мазкур атама ўзбек тили табиатига мос соф туркий сўз бўлганлиги учун тилга сингишиб кетишига шубҳа йўқ. Турк тилида ушбу атама шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга нисбатан муваффақиятли қўлланилиб келмоқда. Шунингдек, янги атаманинг киритилиши икки хил ҳужжатнинг бир хил номланишига барҳам беради.

 «Далолатнома» атамасининг ғализлиги ва ҳужжат моҳиятини тўла очиб бера олмаслигини инобатга олиб, унинг ўрнига «ҳолатнома» атамасини қўллаш ўринлидир. Маълумки, далолатнома бирор воқеа, ҳодиса ёки ҳолатнинг содир этилишини расмийлаштириш учун тузилади. Тавсия қилинаётган атама «ҳолатни ёзиш» маъносини ўзида тўла акс эттиради ва ҳужжат моҳияти тил эгаларига теран англашилади.

Ҳужжатчиликка қисман алоқадор «баннер» сўзи ҳам кейинги пайтларда анча муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бизнинг назаримизда, мазкур тушунчани ифодалаш учун янги – «сарқоғоз» сўзини кўзланган маънони ифодалашга буйсундириш лозим. Тўғри, ўзбек тилида бундай ясалма ишлатилмайди. Бироқ русча «титул» атамасига нисбатан «сарварақ», «обой» сўзига нисбатан «гулқоғоз» бирликларининг кенг қўлланилишини ҳисобга олсак, янги ясалманинг тез оммалашишиб кетишига шубҳа йўқ. Бу борада қардош туркий тиллар тажрибасини ўрганиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Масалан, турк тилида асфальт йўлни «қорайўл», автомобилни «араба», самолётни «учақ» деб аталиши тезда тилга сингишиб кетганлигини кузатиш мумкин.

Тавсияларимиз тўлалигича ўзини оқлайди, деган даъводан йироқмиз. Истагимиз – мазкур муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш, тадқиқотчилар диққатини жалб қилиш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳузуридаги Атамалар комиссияси ҳам мазкур масалага эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўларди. Бу соҳада олиб бориладиган тадқиқотлар, албатта, самарасини беради, деб умид қилиб қоламиз.

Бўлимлар