2020 йил 6 ой давомида қилинган ишлар бўича ҳисобот

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бизнес-омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритувчи ходимларига 2020 йилнинг 6 ойи мобайнида тадбиркорлик субъектларидан 229 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 
117 таси (51%) қаноатлантирилди, 95 таси бўйича тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди, 3 та мурожаат тегишлилигига кўра бошқа идораларга юборилди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 27 фоизи ер ва бинолар билан боғлиқ масалаларга, 10,9 фоизга солиқ муносабатларига, 10 фоизи шартномавий муносабатларга, 7,7 фоизи кредит ва банклар фаолиятига оид мурожаатларни ташкил қилди.
Жумладан: Тўрткўл тумани ҳокимининг 2019 йил 31 январь кунги 
530-сонли қарори билан Каримбаев Умид Сапарбаевичга пахта-ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилиш учун Кукча овул фуқаролар йиғини ҳудудидан жами 212,9 гектар ер майдони 49 йил муддатга ижарага ажратиб берилган ва ушбу қарорга асосан “Маликахон Умид” фермер хўжалиги ташкил қилинган. 
Халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгашининг 2020 йил 4 февраль кунги 02/07-сонли қарорига асосан “Маликахон Умид” фермер хўжалигининг ер майдонлари 2019 йилдаги режани тўлиқ даражада бажарилмаганлигини сабаб этиб, туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган.
Шунингдек, Кенгашнинг ушбу қарори билан туманидаги “Яшинбек Тўрткўл” фермер хўжалиги ва Кўкча толаси фермер хўжаликлари ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариб олинган. 
Фермер хўжаликлари бошлиқлари ушбу қарордан норози бўлиб ёзган мурожаатларини ўрганиш натижаси бўйича Бизнес-Омбудсман томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига киритилган тақдимномага асосан қонунга зид равишда чиқарилган Халқ депутатлари Тўрткўл тумани Кенгашининг 2020 йил 4 февраль кунги 02/07-сонли қарори бекор қилиниб, фермер хўжаликларининг қонуний фаолият юритишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар натижаларига кўра, давлат идораларига 6 та тақдимнома юборилди, судларга тадбиркорлар манфаатини кўзлаб 4 та аризалар киритилди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний равишда текширишлар ўтказганлиги, улар фаолиятини ноқонуний равишда тўхтатиб қўйганлиги, тадбиркорларга берилган имтиёз ва преференцияларни қўлламаганлиги, уларнинг мурожаатларини ўз муддатида кўриб чиқмаганлик шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиш бўйича сўров хатлари бўйича нотўғри маълумот берганлиги ёки мурожаатни кўриб чиқиш муддатини бузганлиги каби ҳуқуқбузарликлар учун ҳокимият, солиқ, ер ресурслари ва давлат кадастри, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш, банк идораларида фаолият юритувчи 42 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилди.
Киритилган таъсир чоралари натижасида назорат қилувчи давлат идораларининг 6 та ҳужжатлари бекор қилинди, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 38 та нафар шахс маъмурий, 5 та нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.


Ўзбекистон Республикаси  Президенти ҳузуридаги 
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари 
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича 
Вакил девонининг Қорақалпоғистон 
Республикасидаги бош инспектори 
Б.Даулетияров

Бўлимлар