Муса Ерниязов коронавирусдан даволанмоқда

​Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА КОРОНАВИРУСДАН ДАВОЛАНАЁТГАН БЕМОРЛАР ҲОЛАТИ ХАЛҚАРО ЭКСПЕРТЛАР ВА МАҲАЛЛИЙ МУТАХАССИСЛАР ТОМОНИДАН ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан коронавирусга чалинган беморларни даволашда янги тактика ишлаб чиқиш кераклиги вазифа қилиб қўйилди. Шулардан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлигида бугунги ҳолат таҳлил қилиниб, диагностика, даволашдан тортиб, эпидемиология, касаллик тарқалишини олдини олиш, профилактика масалаларида ҳам янгича услублар қўлланилиши устида иш олиб борилаяпти.

Президентимизнинг топшириғига асосан, ҳар бир  беморга эътиборни кучайтириш, уларни даволаш сифатини яхшилаш ва айниқса, оғир беморлар билан махсус шуғулланишга катта эътибор қаратилмоқда. 

Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз бўйлаб барча беморларга тиббиёт ходимлари алоҳида, оғир беморларга эса бир нечтадан шифокорлар бириктирилди. Бундан ташқари, шифокорлар иштирокида консилиумлар, оғир беморлар учун видеоконсилиумлар ўтказиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда таҳлиллар ўтказиш, муҳокамалар олиб бориш масаласи қўйилди. 

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги бир гуруҳ соҳа вакиллари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюришди. У ердаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, олиб борилаётган профилактика, эпидемиология тадбирларининг сифати танқидий кўриб чиқилди. 

Маълумот учун айтиш лозимки, бугунги кунгача ушбу ҳудудда 275 ҳолатда коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли уларнинг 193 нафари касалликдан бутунлай фориғ бўлди ҳамда даволаниш кўрсаткичи ҳозирда 70 фоизни ташкил этмоқда.

Қорақалпоғистонда айни пайтда 81 нафар бемор даволанаётган бўлиб, улардан 9 нафарининг аҳволи оғир. 

Республикага ташриф буюрган гуруҳ томонидан уларни даволашдаги ёндашувлар ўрганилди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган стандартлар, протоколларга риоя этилиш даражаси аудит текширувидан ўтказилди. 

Асосийси, аҳволи оғир беморлар ҳолати, уларни даволаш жараёнини таҳлил қилиш ва керакли ўзгартиришларни киритиш мақсадида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ва олимлар иштирокида видеоконференция ташкил этилди. 

Унда Европа анестезия ва интенсив терапия жамиятининг президенти, Франкфурт университети клиникасидаги  Анестезия, интенсив терапия ва касалликларни даволаш клиникаси директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Кай Захаровский, Франкфурт университети клиникасининг анестезиология, интенсив терапия ва шошилинч тиббиёт йўналишидаги мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Хольгер Неб иштирок этишди.

Коронавирус билан касалланган беморларни самарали даволаш усулларни ишлаб чиққан Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассислари аҳволи оғир беморларни самарали даволаш бўйича зарур тавсияларни бердилар, натижада даво-муолажаларини коррекция қилишга эришилди.

Шу жумладан, Нукус шаҳридаги клиникада даволанаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Тошкент шаҳрида даволанаётган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Бугунги кунда уларнинг ҳолати стабил деб топилди, олиб борилаётган даволаш тактикаси тўғрилиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартлар асосида олиб борилаётгани таъкидланди.  

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

 

Бўлимлар