Муса Тажетдинович Ерниязовнинг вафоти Фарғона вилояти аҳлини ҳам қайғуга солди

Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқорғи Кенгесига

Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгашига

Давлат ва жамоат арбоби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси – Ўзбекистон Республикаси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Тажетдинович Ерниязовнинг вафоти Фарғона вилояти аҳлини ҳам қайғуга солди.

Бу инсон умрининг салкам йигирма йилини Қорақалпоғистон халқининг бахтли келажагини таъминлаш йўлида сарфлади. Қорақалпоғистонликларнинг қўлга киритган барча ютуқларида  халқ тилида мехр билан “ота” деб аталган етакчининг чексиз хизмати бор.

Қорақалпоғистонликлар Муса Ерниязов номи билан фахрланишга тўла хақлидирлар. У қаерда, қандай вазифада ишламасин Ватанимиз ва халқимизга ҳалол, сидқидил хизмат қилди.

У эришган ҳаётдаги энг катта бойлик – халқ ишончи эди. Айниқса, Орол бўйидаги экологик вазиятни изга солиш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш борасидаги улкан бунёдкорлик ишлари халқ қалбидан чуқур ўрин олган.

Муса Тажетдинович яратган раҳбарлик мактаби ва тажрибаси ҳам кўплаб ёшларга ўрнак ва ибрат бўлиб қолади. Бу қалби кенг ва пок инсон фарғоналикларнинг кўхна Қорақалпоғистонда ҳамкорликда деҳқончилик қилишлари, чорвачиликни ривожлантиришлари учун ҳам барча шароит яратиб берганди. Фарғона вилоятида этник қорақалпоқлар яшайдиган қишлоқ аҳли ҳолидан хабардор бўлиб турарди.

Замонамизнинг мамлакат тараққиётига беқиёс хисса қўшган етук давлат арбоби, билимдон раҳбарларидан бири Муса Тажетдинович Ерниязовнинг порлоқ хотираси биз, фарғоналикларнинг ҳам қалбларида доимо сақланиб қолади.

Қорақалпоқ халқига, марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлигимизни билдирамиз.

Ш.Ғаниев, Л.Муродова, Т.Холдоров, Э.Сиддиқова, И.Султонов,
Б.Темиров, У.Умаров, П.Эргашева, М.Мамадалиева,  О.Хошимов

joqargikenes.uz

Бўлимлар