Парламент ва жамоат ташкилотлари вакиллари Амударё туманида пахта теримчилари билан учрашди

Республикамизнинг энг шимолий минтақаси бўлган Қорақалпоғистон Республикасида бу йилги пахта ҳосили учун 86 минг 291 гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, 196 минг тоннан пахта хом-ашёсини етиштириш режалаштирилган. Пахтадан мўл ҳосил олиш учун барча шароитлар яратилиб, зарур бўлган моддий ресурслар тайёрланган.
Амударё тумани республиканинг саноат тармоқлари билан бирга қишлоқ хўжалиги ривожланган туманлардан ҳисобланади.

2020 йил ҳосили учун мазкур туманда пахта тарбияси яхши йўлга қўйилиб, ҳозирги пайтда йиғим-терим ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратилишда мутасадди ташкилотлар устидан  қатъий назоратни таъминлаш бўйича ташкил қилинган республика ишчи гуруҳи ушбу туманда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги бир қатор фермер хўжаликларидаги пахта далаларида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўрганиш ишларини олиб борди.

Ўрганиш ишлари давомида фермерлар, кластерлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг қуйи тузилмалари ҳамда хусусий бандлик агентликларидан бошқа ташкилотларни пахта йиғим-терими мавсуми давомида теримчиларни жалб қилиш ишларига аралашувига йўл қўймаслик, мажбурий меҳнат ҳолатларига бутунлай барҳам бериш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан корхона, ташкилотлар ўз ходимларини уюшган ҳолда пахта йиғим-терими ишларига жалб қилиш амалиётини тўлиқ бекор қилиш, пахта йиғим-терими ишларига Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, мудофаа ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва академия курсантларини умуман жалб этмаслик кабиларга алоҳида эътибор қаратилиши кераклиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, мутасаддилар ўрганиш жараёнида теримчилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномаларининг имзоланганлиги, теримчиларни терим ҳақини оширган ҳолда рағбатлантириш чораларининг кўрилганлиги, бунда ҳукумат қарори билан белгиланган терим суммасига кластерлар ва фермерларнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча рағбатлантириш ишларининг ташкил этилганлиги, терим пулларининг ўз вақтида, даромад солиғи олинмасдан, бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисобланмаган ҳолда тарқатилаётганлигини ўргандилар.

- Кунига ҳар биримиз 150-180 килограммдан пахта теряпмиз. Терим бошланмасдан олдин фермер хўжалиги билан шартнома тузганмиз. Бу бизлар учун қўшимча имкониятлар яратади. Ҳар икки кундан терган пахталаримизнинг пулларини олиб турибмиз. Пандемия шароитида бу оиламиз учун қўшимча даромат манбайи бўлиб хизмат қилмоқда, - дейди тумандаги «Қурбанғали Бешбаев» фермер хўжалиги далаларида пахта тераётган опа-сингил Шарофат ва Адолат Қурбоновалар.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, туманда бу йилги пахта терими учун теримчиларга 40 млрд сўм маблағ тарқатиш режалаштирилган.

Республика ишчи гуруҳи тумандаги корхона-ташкилотларда ходимлардан ўрнига теримчи жалб қилиш учун пул йиғиш ишларига йўл қўйилмаётганлигини, пандемия шароитини инобатга олиб, пахта йиғим-терими ишларини санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкиллаштирилганлигини ҳамда бошқа ҳудудлардан келиб, теримда иштирок этаётган теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилганлигини қатъий назоратга олдилар. 

Илғор теримчиларга мутасадди ташкилотлар томонидан совғалар топширилди.



Бўлимлар