Мўйноқда болаларни боғчаларга қамраб олиш 98 фоиз: бу Ўзбекистондаги рекорд кўрсаткич

Мўйноқ туманида 3-7 ёшдаги жами болалар сони 2403 нафар бўлиб, шуларнинг 2348 таси, яъни болаларнинг қарийб 98 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинованинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг бошқа туманларида 98 фоизлик қамраб олиш кўрсаткичи қайд этилмаган. Мўйноқда 2017 йилда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи атиги 23 фоиз бўлган, холос. Ушбу туманга қаратилган эътибор натижасида мактабгача таълим тизимида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

2017 йилгача Мўйноқда фақат 7 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 27 тага етган. Ташкилотларнинг 17 таси давлат, 8 таси оилавий, 2 таси давлат-хусусий шерикчилигидаги мактабгача таълим ташкилотидир.

– Мўйноқ туманида мактабгача ёшдаги болаларни боғчаларга қамраб олишни янада оширмоқчимиз, юз фоизга етказиш режамиз бор, – дейди Мўйноқ тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи Флора Айманова. 

– Ҳақиқатдан ҳам 2017 йилда қамраб олиш 23 фоиз, 2018 йилда 56, 2019 йилда эса 86 фоизни ташкил қилган эди. 2021 йил бошида ушбу кўрсаткич 97,7 фоизга етказилди. Рақамлар ҳар куни ошиб бормоқда. Туманда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида, мактабгача таълим ташкилотларида ишга қабул қилиниши режа қилинган ҳолда ўтган икки йилда 75 нафар мўйноқлик хотин-қиз Нукус давлат педагогика институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Уларнинг баъзилари (сиртқи таълимда ўқиётганлари) ҳозирда боғчаларда тарбиячи бўлиб ишламоқда.

Мўйноқда Сурхондарё вилоятининг «Сурхон саноат қурилиш» компанияси томонидан ҳомийлик асосида қуриб берилган «Сурхон қуёши» номли мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Мазкур боғча 70 ўринга мўлжалланган бўлиб, лойиҳа қиймати 3,3 миллиард сўмни ташкил этган.

Мўйноқда мактабгача таълим ташкилотларида 230 нафар педагог кадр ишлайди, шулардан 60 нафари олий маълумотли, 154 нафари ўрта махсус, 16 нафари тугалланмаган олий маълумотли педагог кадрлардир.

Мўйноқдаги барча мактабгача таълим ташкилотлари – давлат, оилавий, давлат-хусусий шерикчилигидаги боғчаларда болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови – 79 минг сўм. Бу давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудга берилган имтиёзларнинг биридир.

Е.Қаноатов, ЎзА



Бўлимлар