Шўмонойда Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги Шўмоной тумани аҳолиси учун чинакам қўшалоқ байрам бўлди десак муболаға бўлмайди.

Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида туманда Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи К.Артыков, туман ҳокими Б.Янгибаев ва бошқалар йиғилганларни янги бинонинг очилиши билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолига давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник базасинин мустаҳкамлаш, ходимларга ҳамда ташриф буюрувчиларга янада қулайлик яратиш борасида амалга оширилаётгапн кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартирилаётгани аҳолининг турмуш тарзини яхшилашда, юртимизда инвестиция иқлими, ишчанлик муҳити ва бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 Бугун одамларнинг кўнглини олиш, уларни рози қилиш жуда қийин иш. Туман марказининг аввалги биносида аҳолининг мурожаатларини тез ва осон ҳал қилиш учун имконият деярли йўқ эди. Эски бино мослаштирилган бўлиб, айниқса, кексалар, болали аёллар, имконияти чекланган фуқаролар учун шароитлар яратилмаган эди.

Маълумки, ҳар қандай бино ва иншоотнинг қурилишида унинг меъморий ечими муҳим аҳамият касб этади.  Шундан келиб чиқиб, Шуманай туман Давлат хизматлари маркази қурилишида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилди. Қурилиш жараёнини намунали ташкил этилганлиги, ишни сифатли бажаришга ва бинонинг кўркам қиёфа касб этишига муҳим омил бўлди. Мазкур бино “ҚАЛБАҚ ҚУРИЛИШ” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган бўлиб, энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланди. Энди марказга ташриф буюрувчиларга давлат хизматлари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда, қулай шароитда кўрсатилади. 

— Туманимизда айни кунда 60 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди Шуманой тумани Давлат хизматлари маркази директори Ахат Галиакберов.  — Марказимизда жорий йилнинг шу кунига қадар 11 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. Очиғи, марказнинг эски биноси бироз тор бўлиб, фуқароларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишда айрим ноқулайликлар туғдирар эди. Бундан ўзимиз ҳам ҳижолат тортар эдик. Мана бугун ҳар томонлама қулайликларга эга бўлган кўркам бинога эга бўлдик. Бундан ниҳоятда хурсандмиз.  

Марказда аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматидан фойдаланиш имконияти яратилган. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 10  та қабул ойнаси, кутиш жойлари, мўъжазгина кутубхона, болалар майдончаси, буфет, туман адлия бўлими, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шаҳобчаси ташкил этилди. Электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этиб туради. Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш учун махсус бурчак ҳам ташкил этилган. Шунингдек, марказ биносида Бош вазир қабулхонаси ва туман ФҲДЁ бўлими ҳам жойлашган.

Шу куни туман марказдан 25 километр олисда жойлашган “Қарабайли” овул фуқаролар йиғинида Давлат хизматлари маркази филиалининг фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу фуқаролар йиғинига яқин атрофдаги “Бегжап”  ва “Бирлешик” овулларидаги 16 минг нафарга яқин фуқаро эндиликда Давлат хизматларидан фойдаланиш учун анча йўл босиб, туман марказига боришга овора бўлмайди. Ушбу ҳудуд аҳолисига янада қулайлилик яратиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, уларнинг вақтини ва нақдини тежашга замин яратилади. Эндиликда ҳафта давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун филиал орқали хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Давлат хизматлари соҳасида яратиб берилаётган бу каби шароитлар одамларнинг вақтини тежаш билан бирга, давлат хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланиш имконини беради.

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

 



Бўлимлар