Фахрий ёрлиқ олган ёш математиклар. Аслида нима бўлганди?

Токио олимпиадаси совриндорлари қимматбаҳо автомобил ва ҳатто уйлар билан тақдирланиб, Халқаро математика мусобақасида медал олганларга телевизор ва фахрий ёрлиқ берилгани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Kun.uz мавзу юзасидан атрофлича суриштирув ўтказди.

Воқеа тарихи

Ижтимоий тармоқларда қорақалпоғистонлик талаба Камол Содиқов Халқаро математика олимпиадаси ғолиби бўлгани, туман ҳокими эса мазкур муваффақият эвазига бир парча ташаккурнома билан тақдирлагани турли истеҳзо ва кесатиқларга сабаб бўлди.

Журналист Алишер Назар Facebook'даги саҳифасида фан олимпиадаси ғолибларига фахрий ёрлиқ, спорт мусобақаси ғолибларига эса машина, уй, юз минглаб доллар берилаётганини Шарқ дидактик адабиётига хос устоз ва унинг шогирдининг суҳбати талқинида баён қилади.

Бир неча марта улашилган бу постга кўпчилик хайрихоҳлик билдириб, муаллифга ҳамфикр бўлганини кўриш мумкин. Жумладан, журналист Адиба Умирова спортчиларга бошқа, фан олимпиадаси ғолибларига бошқача муносабат бўлишини Ўзбекистонда таълим сифати чириб кетгани билан изоҳлаган. У таълим тизимида коррупция чуқур илдиз отгани туфайли оддий одамларнинг билимдон болалари Қозоғистон, Россия, Туркия ва бошқа мамлакатларда ўқишга мажбур бўлаётганини айтади.


Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши матбуот хизмати

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокимлиги нотўғри фикрларга сабаб бўлаётган фотосурат Камол Содиқов ўқиган 11-мактабда тасвирга олингани, тумани ҳоким ёш олимпиада ғолибига катта эътибор қаратиб, уни шахсан ўзи табриклаганини маълум қилди. Ушбу хабарга илова қилинган суратда Камол Содиқов ташаккурномадан ташқари туман ҳокимлиги томонидан телевизор билан тақдирланганини ҳам кўриш мумкин.

Тушунмовчилик қаерда бошланган?

Аслида Қорақалпоқ давлат университети талабаси шу йилнинг 2-7 август кунлари ўтказилган Халқаро математика мусобақасида қатнашиб, олтин медални қўлга киритган. Бироқ Элликқалъа тумани ҳокимлигининг расмий хабарида Камол Содиқов математика фани бўйича XXVIII Халқаро олимпиадада иштирок этиб, олтин медални қўлга киритгани айтилади.

Бундан ташқари, туман ҳокимлиги Ўзбекистон президентининг 4306-сонли қарорига асосан халқаро олимпиадаларнинг олтин медал соҳиблари БҲМнинг 500 баравари (122,5 млн сўм), уларнинг ўқитувчилари эса БҲМнинг 450 баравари (110,25 млн сўм) миқдорида бир марталик мукофотлар билан тақдирланиши кўзда тутилганини эслатиб, Камол Содиқов ҳам президент қарори асосида тақдирланишини урғулайди.

Шу йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Миллий университетида Халқаро математика мусобақасида олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритган ЎзМУ талабаларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтган, унда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳам иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни қутлаган. Мусобақа иштирокчиларининг ҳар бири моноблок компютер, планшет, китоблар жамланмаси ва ташаккурнома билан тақдирланган.

ЎзМУ ректори Ином Мажидов бу ҳақда хабар бераркан, Элликқалъа тумани ҳокимлигининг хатосини такрорлайди, яъни негадир ўзбекистонлик талабалар Халқаро математика мусобақасида эмас, балки Халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, совриндор бўлганини ёзади. Бундай англашилмовчиликни ЎзМУ расмий сайтида эълон қилинган хабарда ҳам кўриш мумкин.

Юқоридагилардан маълум бўладики, ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари чалғишига, қайсидир маънода ҳайп кўтарилишига аслида расмийларнинг хатолари сабаб бўлган.

Пулини тўлаганлар иштирок этувчи мусобақа

Аслида Халқаро математика олимпиадаси (The International Mathematical Olympiad) ва Халқаро математика мусобақаси (International Mathematics Competition) кўплаб жиҳатларга кўра бир-биридан фарқ қилувчи заковат беллашувлари ҳисобланади.

Халқаро математика олимпиадаси умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицейларнинг ўқувчилари ўртасида ўтказилади ва унда талабалар иштирок этмайди. Ўзбекистонлик ўқувчилар 1997 йилдан буён ХМОда иштирок этиб келаётган бўлса, ҳалигача олтин медалга сазовор бўлишмаган. Шу пайтгача қадар вакилларимиз 10 та кумуш, 28 та бронза медални қўлга киритишган, ўзбекистонлик яна 42 нафар иштирокчига эса фахрий ёрлиқ берилган.

Сўнгги марта шу йилнинг 14-24 июль кунлари дунёнинг 110 давлатидан 623 нафар ўқувчилар иштирок этган 62-Халқаро математика олимпиадасида Бухоро вилояти 5-ИДУМ ўқувчиси Диёрбек Толипов кумуш, Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси Олимжон Олимов бронза медалга сазовор бўлган.

Халқаро математика мусобақасида асосан олий таълим муассасалари қатнашади. “Масофавий таълим” Telegram-каналида ёзилишича, халқаро математика мусобақасида иштирок этиш пулли бўлиб, унга Болгариядаги Aмерика университетида ишлайдиган эр-хотинлар асос солишган.

...бу мусобақа ҳар йили Болгариядаги Aмерика университетида бўлиб ўтади. Бу мусобақада иштирок этиш эса пулли. Пулини тўлайди ва кейин қатнаша олади. Болгариядаги Aмерика университетида ишлайдиган Жон Жэйне ва унинг турмуш ўртоғи мазкур мусобақанинг ташкилотчиси ҳисобланишади. Қўпол қилиб айтганда, булар соққа қилишяпти. Нуфузли олимпиадаларнинг эса ҳеч қачон тўлови бўлмайди”, – дейилади “Масофавий таълим” Telegram-каналида эълон қилинган постда.

Президент қарорига мувофиқ, математика (IMO), физика (IphO), кимё (IChO), биология (IBO), информатика (IOI) фанлари бўйича халқаро нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар БҲМнинг 200 бараваридан (49 млн. сўм) 500 бараваригача (122,5 млн. сўм) бўлган миқдордаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишади. Шунингдек, уларнинг ўқитувчилари ҳам БҲМнинг 150 бараваридан (36,75 млн. сўм) 450 бараваригача (110,25 млн. сўм) миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Талабалар ўртасида ўтказиладиган Халқаро математика мусобақаси ғолиб ва совриндорлари, уларни тайёрлаган ўқитувчилар бу даражада тақдирланмайди.

17 киши учун 425 фунт стерлинг...

Халқаро математика олимпиадаси ғолиби деб топилган қорақалпоғистонлик Камол Содиқов Kun.uz билан суҳбатда мусобақада қатнашиш чиндан пулли эканини тасдиқлади. Унинг айтишича, ўзбекистонликларнинг мусобақада иштирок этиши учун талаб этиладиган пул Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тўлаб берилган.

Халқаро математика мусобақаси сайтида ушбу мусобақа пулли экани ёзиб қўйилган. Аммо биз бу пулни чўнтагимиздан тўлаганимиз йўқ. Ушбу мусобақада қатнашувчи 17 нафар талаба Беҳзод Қурбонбоев ва Фарҳод Ҳайдаровлар томонидан саралаб олинганидан сўнг иштирокимиз учун талаб этилган сумма Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тўлаб берилди”, – дейди Камол Содиқов.

Ўзбекистонлик талабаларни халқаро мусобақага тайёрлаган ЎзМУ математика факультети алгебра ва функционал анализ кафедраси катта ўқитувчиси Фарҳод Ҳайдаров жорий йилда олимпиада онлайн ўтказилгани учун бадал пули анча арзон бўлганини билдирди.

Ҳар йили Болгарияда бўлиб ўтадиган Халқаро математика мусобақасида ўзбекистонликлар жамоа сифатида 2015 йилдан қатнашиб келишмоқда. Унгача саноқли талабалар индивидуал тарзда қатнашишган.

Илгарилари мусобақада қатнашиш учун олинадиган тўлов Болгарияга борганингиздан кейин еб-ичиш, меҳмонхонада туриш харажатларини қоплаш учун ундирилган. Бу нарса ҳамма олимпиадаларда бор, жумладан, ўқувчилар ўртасидаги Халқаро математика олимпиадасида ҳам бор, фақат бу харажатларни Samsung, Huawei сингари катта компаниялар ҳомий сифатида тўлаб беришади.

Пандемиядан олдин офлайн тарзда ўтказилган талабалар ўртасидаги Халқаро математика мусобақасида қатнашиш тўлови бир иштирокчи учун 400-500 долларни ташкил этарди. Бу тўлов иштирокчининг 7 кунлик ётоқ ва еб-ичиш харажатларини ўз ичига олади. Бу йил мусобақа онлайн режимда ўтказилгани учун тўлов миқдори катта бўлмади [IMC сайтида келтирилишича, жорий йилда ZOOM орқали ўтказилган мусобақада жамоа сафида қатнашиш 1 киши учун 25 фунт стерлингни (17 киши учун 425 фунт стерлингни), индивидуал тарзда қатнашиш эса 50 фунт стерлингни ташкил этган – таҳр.].

Математика институти ҳузурида Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бор. Мусобақа иштирокчиларидан рўйхатдан ўтиш жараёнида талаб этиладиган тўловлар ҳам, уларни мусобақага тайёрлаган, дарс берган ўқитувчиларнинг хизмат ҳақи ҳам ана шу жамғармадан тўлаб берилган.

Олимпиадада иштирок этиш учун Ўзбекистон Миллий университети, Урганч давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Гулистон давлат университети талабаларидан иборат терма жамоа шакллантирилиб, март ойидан буён тайёргарлик ишлари олиб борилган”, – дейди Фарҳод Ҳайдаров.

Терма жамоа мураббийларидан бири Беҳзод Қурбонбоев ҳам IMC’да иштирок этиш учун бадал тўлови мавжудлигини тасдиқлаб, бу пул мусобақа ташкилий ишларига, иштирокчиларни аэропортдан кутиб олишга ва асосан ҳафталик озиқ-овқат, турар жой харажатларини қоплаш учун сарфланишини таъкидлади.

Олимпиаданинг қамрови йил сайин кенгаймоқда ва шу сабабли дунёнинг илм-фандаги етакчи компаниялари (Huawei, MapleSoft, Springer, WolframResearch, Zulip ва бошқалар) томонидан ҳомийлик ишлари амалга оширилмоқда. Яқин келажакда олимпиада тўлови ҳам тўлиқ улар томонидан қопланиши кутилмоқда.

Халқаро математика олимпиадаси ҳам, Халқаро математика мусобақаси ҳам одатда офлайн кўринишда ўтказилади. Лекин COVID-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият сабаб охирги икки йилда бошқа халқаро фан олимпиадалари сингари IMC ҳам, IMO ҳам онлайн (масофавий) кўринишда ўтказилди. Бу билан олимпиада нуфузи пасайиб, масалалар осонлашиб қолгани йўқ. Онлайн мусобақалар иштирокчиларининг хатти-ҳаракатлари ташкилотчилар томонидан қатъий назорат қилиб борилди”, – дейди Беҳзод Қурбонбоев.

30 балл учун олтин, 20 балл – кумуш, 9 балл – бронза медал

IMC сайтидаги натижалар таҳлил қилинса, 30 ва ундан юқори балл тўплаганлар олтин, 20–29 балл олганлар кумуш, 9–19 балл соҳиблари эса бронза медаллари билан тақдирлангани маълум бўлади. Мусобақада энг юқори натижаларни қайд этган Венгрия, Польша, Испания, Исроил ва Россиядан келган ёш математиклар олтин медаллардан ташқари ҳомийлар томонидан тақдим этилган совғаларни ҳам қўлга киритишган.

Ўзбекистонликлар орасида энг юқори натижани Aбдушукур Aҳaдов ва Жасурбек Имомов (34 балл) қайд этишган. Мафтуна Сaмaтбоевa – 31 балл, Исломбек Исмоилов ва Камол Содиқов – 30 балл, Шаҳзод Қуроқбоев ва Дониёр Яздонов – 29 балл, Жаҳонгир Тўрaев – 26 балл, Жаҳонгир Норбоев – 25 балл, Даврбек Олтибоев – 23 балл, Aбдумалик Aбдуқaюмов – 20 балл, Лазиз Aбдуллaев – 18 балл, Нилуфар Рaжaбовa – 17 балл, Асрор Жабборов 15 балл, Олимжон Жaлилов – 12 балл, Жаҳонгир Турсунбоев – 12 балл, Нодирбек Ғаффоров ҳамда Жавоҳир Искандаров – 4 балл, Сардор Саидов – 3 балл, Жаҳонгир Холмонов – 2 балл жамғаришга муваффақ бўлган.

Халқаро математика мусобақаси жорий йилда онлайн шаклда ўтказилди, иштирокчилар ZOOM орқали икки кунлик мусобақада қатнашишди. Бизга бир кунда 4 та масаладан жами 8 та масала берилди. Ҳар битта тўғри ишланган масалага 10 баллдан берилади. Ўзбекистон Республикасидан 17 киши саралаб олинди, ўзбекистонлик талабалар 5та олтин, 6та кумуш, 4та бронза медаль ва 2та фахрий ёрлиқни қўлга киритишди.

Ташкилотчилар томонидан олтин медаль учун кифоя қиладиган минимум балл 30 деб белгиланди. Иштирокчиларга тақдим этилган барча масалаларга тўғри жавоб топилган тақдирда 80 балл жамғариш имкони бор эди, лекин иштирокчилардан ҳеч ким 80 балл олгани йўқ. Энг юқори балл 70 балл бўлди”, – дейди Камол Содиқов.

Ўзбекистонлик талабаларни мусобақага тайёрлаган Фарҳод Ҳайдаров IMC’да олтин олиш эса у қадар қийин эмаслиги, 80 баллдан 9 балл олган, яъни битта масалани тўлиқ ечмаганларга ҳам бронза медаль берилгани, 80 баллдан 30 балл тўплаган, бошқача айтганда 8 та саволдан 3 тасини тўғри ишлаган олтин олаётганини қуйидагича изоҳлади.

Халқаро математика олимпиадасида ўқувчиларга 6 та масала берилади ва иштирокчилар орасида уларнинг ҳаммасини еча оладиганлар ҳам топилади. IMC’да 8 та масала тушган, энг юқори балл тўплаган иштирокчи ҳам 7 та масалани еча олган. Бу дегани иккита мусобақада тушадиган масалаларнинг даражаси ҳар хил, уларни таққослаб бўлмайди. Халқаро математика мусобақасида тушадиган масалалар жуда мураккаб ва сони ҳам кўпроқ. Шунинг ҳисобига 100 фоизлик натижа қайд этиш қийин.

IMC’да 30 балл олганларга ҳам олтин медаль берилганига тўхталадиган бўлсам, Халқаро математика олимпиадасида ҳам, Халқаро математика мусобақасида ҳам медаллар иштирокчиларнинг қанчадир фоиз қисмига олтин, кумуш, бронза медаллари берилади. Масалан, IMO’да ҳам иштирокчиларнинг 20 фоизига олтин медаль берилади, қанчадир қисмига кумуш, яна маълум фоиздаги иштирокчига бронза медаллари берилади. IMC’да ҳам шундай”, – дейди Фарҳод Ҳайдаров.

Фарҳод Ҳайдаров ўзи ҳам ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган Халқаро математиклар олимпиадасида ҳам, талабалар ўртасидаги Халқаро математика мусобақасида ҳам қатнашиб совриндор бўлганини қўшимча қилди.

Ўзбекистонлик талабаларни халқаро мусобақага тайёрлаш жараёнида қатнашган, ўзи ҳам IMC’да қатнашиб совриндор бўлган ФА Математика институти илмий ходими Беҳзод Қурбонбоев халқаро математика олимпиадаларида тушадиган масалаларни ДТМ тестлари билан солиштириб хулоса чиқармасликка чақирди. Унинг айтишича, ҳар икки жараёнда тушадиган масалалар бир-биридан тубдан фарқ қилади.

IMC’да иштирокчиларнинг 70 фоизи медаль олган. Ҳамма халқаро олимпиадаларда бор бу. 600 нафар қатнашчидан фақат уч нафарига медаль бериб қўймайди-ку. Медаллар ҳақида гап кетганда, кўпчилик фан олимпиадаларини спорт мусобақалари билан таққослашади. Спорт беллашувларида енгилган спортчи баҳсни тарк этиб кетаверади. Айрим кучли спортчилар кучлироқ рақибга йўлиқиб қолса мусобақани медалсиз якунлашлари ҳам мумкин. Охиригача борган 3-4 киши совриндор бўлади холос.

Математика мусобақаларида иштирокчиларга бир хил топшириқ берилади. Якунда уларнинг натижалари умумлаштирилиб, солиштирилади. Спортдагидан фарқли ўлароқ ақлий мусобақаларда қатнашчиларнинг натижалари бир-бирига яқин бўлади. Шу сабабли олимпиадаларда иштирокчиларнинг қанча қисми совриндор бўлиши мумкинлиги олдиндан маълум бўлади. Масалан, IMO’да 50 фоиз; ICHO’да 60 фоиз, IBO’да 60 фоиз талаба медал олиш имконига эга.

Таълим тизими роботларни ишлаб чиқаради, яъни ишчи-хизматчиларни етиштиришга мослаштирилган. Олимпиадалар бошқача фикрлайдиган, ўзидан келиб чиқиб нимадир ярата оладиган, ижодкорлик қобилиятига эга болаларни саралаб олиб, ўзларига муносиб жойда ўқитиш учун ўтказилади. Жаҳон университетлари рейтингида 16-ўринда турувчи Британиянинг University College London таълим муассасаси жорий йилда IMC’да юқори балл билан олтин медаль олган талабаларга магистратура учун грант ажратди.

80 баллдан 30 балл олганлар ҳам олтин олганини танқид қилаётганлар IMC’да иштирокчиларга тақдим этиладиган масалаларни ДТМнинг тестлари билан таққосламасинлар. Мураккаблик даражаси бўйича халқаро олимпиадаларда тушадиган масалалар анча юқори туради. Масалан, 2018 йили Принстон университетидан битта домла 16 варақлик мақола ёзган. Ўша мақолада муаммоли масала сифатида келтирилган масалалардан бирини ўтган йили Россия терма жамоаси етакчиси Халқаро математика мусобақаси учун таклиф қилган. Назаримда, унинг мақоладан хабари бўлмаган.

Принстон университети математика бўйича жаҳонда 1-ўринда туради. Шу университет профессори ёзган мақолада келтирган 3 та масаланинг биттаси IMC’да тушяпти ва иштирокчилар орасида ушбу масалани тўлиқ ечган талабалар ҳам бор. Мана шундан ҳам мусобақа савияси ҳақида етарлича хулоса қилиш мумкин. Шу маънода халқаро олимпиадада 30 балл олишнинг ўзи бўлмайди”, – дейди Беҳзод Қурбонбоев.

“IMC’да ўртамиёна университетларнинг талабалари иштирок этгани ҳақидаги иддаолар мутлақо нотўғри”

“Масофавий таълим” Telegram-каналида эълон қилинган постда ўзбекистонлик талабалар совриндор бўлган Халқаро математика олимпиадасининг нуфузи Ўзбекистондаги фан олимпиадалариникидан бироз юқорироқ экани, шу боис ҳам ТОП-1000 таликка кирган университетларнинг талабалари унда иштирок этмаслиги таъкидланади.

... бу мусобақада давлатлар эмас, олий таълим муассасалари қатнашади. 70 фоиз иштирокчи олий таълим муассасалари эса МДҲ давлатларидаги олий таълим муассасаларидир. Ривожланган давлатлардаги ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасалари эса деярли бу мусобақада иштирок этишмайди.

Бу мусобақанинг нуфузи, содда қилиб айтганда, биздаги республика фан олимпиадаларидан сал юқорироқ, холос. Ўз навбатида бу ҳам, асосан, МДҲ давлатларидаги ОТМларнинг иштироки ҳисобига. Бунинг устига бу мусобақа жорий йилда онлайн шаклда ўтказилган.

Aлбатта, бу мусобақада ғолиб бўлган талабаларни камситмоқчи эмасмиз! Уларнинг ютуқларидан севиндик. Чин дилдан уларни табриклаймиз! Aммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг тушуниб-тушунмай ҳайп қилаётганига ҳам жим туриб бўлмайди”, – деб ёзади пост муаллифи.

Ўзбекистонлик талабаларни мусобақага тайёрлаган мутахассислар ушбу иддаоларни рад этишди.

“IMC’да ўртамиёна университетларнинг талабалари иштирок этгани ҳақидаги иддаолар мутлақо нотўғри. Иштирокчилар орасида Оксфорд, Массачусетс каби ТОП-1000 таликка кирувчи 30-40 та университетларнинг вакиллари бор”, – дейди Фарҳод Ҳайдаров.

Бу борада ЎзФА Математика институти илмий ходими Беҳзод Қурбонбоев шундай дейди:

Халқаро математика олимпиадалари иштирокчиларининг қатнашиш ёшининг юқори чегараси бўйича асосан 3 турга бўлинади. Улардан 2 таси мактаб ўқувчилари учун, 1 таси олий таълим муассасалари талабалари учун. Мактаб ёшидаги ўқувчилар учун энг нуфузли Халқаро математика олимпиадаси бўлиб, бу олимпиада анъанавий равишда давлатлар терма жамоалари ўртасида 1959 йилдан бери турли мамлакатлар мезбонлигида ўтказиб келинади.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган энг нуфузли халқаро математика олимпиадаси эса IMC, яъни International Mathematics Competition for University Students ҳисобланиб, бу олимпиада ҳам анъанавий равишда турли давлатлар олий таълим муассасалари жамоалари ўртасида 1994 йилдан буён Европанинг турли давлатларида ўтказилган ва сўнгги йилларда Болгариянинг Благоевград шаҳрида ўтказилиб келинмоқда. Бу олимпиаданинг президенти жаҳон рейтингида 2021 йил ҳолатига кўра 16-ўринда турувчи Буюк Британиянинг UCL университети (Буюк Британия) профессори Жон Жэйне ҳисобланади.

Олий таълим муассасаларида бошқа давлат фуқаролари ҳам таҳсил олганлиги сабабли ушбу олимпиада қатнашчилари ўз университет жамоаси шарафини ҳимоя қилишади. Ташкил қилиниши тарихига назар соладиган бўлсак, иккинчи олимпиада ИМОдан кейин таъсис этилган, шу сабабли номланишида чалкашлик юзага келмаслиги учун уни IMC, яъни Халқаро математика мусобақаси деб номлашга келишилган.

IMC’нинг ҳайъат аъзолари (координаторлари) таркиби венгриялик математик Геза Кос (ҳайъат раиси), россиялик математик Федор Петров (ҳайъат аъзоси) ҳамда бошқа кучли мутахассислардан ташкил топган. Ушбу мутахассислар IMO’да ҳам асосий ҳайъат аъзолари ҳисобланиши соҳа мутахассисларига сир эмас.

2021 йилда IMC’да 55дан ортиқ давлатдан 592 нафар талаба иштирок этди. Жумладан, Жаҳон университетлари рейтингида ТОП-1000 таликка кирган Оксфорд, Кэмбриж ва Манчестер университетлари, Лондон қироллик коллежи, UCL (Буюк Британия), Массачусетс технологиялар институти, Мэриденд университети (АҚШ), Нанянг технология университети (Сингапур), Лейден ва Гронинген университетлари (Нидерландия), Гент ва Лёвен католик университетлари (Белгия), Кейптаун ва Стелленбош университетлари (ЖАР), Вена университети (Австрия), Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Москва физика ва технологиялар институти, Иқтисодчилар олий мактаби, Санкт Петербург давлат университети (Россия), Сан Пауло университети (Бразилия), Тарту университети (Эстония), Афина миллий университети (Греция), Прагадаги Чарльз университети (Чехия) талабалари жорий йилги мусобақаларда қатнашишди. Аввалги йиллардаги иштирокчилар орасида бундан-да нуфузли олий таълим муассасалари талабалари бўлганини мусобақа расмий сайтидан аниқлаш қийин эмас.

IMC иштирокчилари орасида математика фанидаги энг юксак мукофот Fields Medal қўлга киритган математикларнинг борлиги, ушбу олимпиаданинг кучли олимларнинг етишиб чиқишида ўрни беқиёслиги ҳамда унинг университет талабалари учун энг асосий олимпиада эканлигига шубҳа қолдирмаслигига ишончимиз комил. Мусобақадан сўнг жаҳон рейтингида 56-ўринда турувчи Ҳонгконг фан ва технология университетидан IMC’да олтин медаль олган талабаларингизни PhD’га қабул қилмоқчимиз деган мазмунда хат олдим. Бу ҳам IMC нуфузини белгиловчи омиллардан бири”.

Вазирлик изоҳи

Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида бўлган мавзу юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам муносабат билдирди. Вазирлик баёнотида “Болгариядаги олимпиада” аслида халқаро илмий академик доираларда юқори рейтингга эга эмаслиги таъкидланади.

Ижтимоий тармоқларда “олимпиада” деб аталган бу тадбир аслида фан мусобақаси бўлиб, олимпиада мақомига эга эмас. Бу тадбирнинг веб-сайти ўрганилганида, шундай хулосага келиндики, бу кўплаб давлатлардан иштирокчиларни жалб қилган маҳаллий тадбир. У локал характерга эга бўлиб, халқаро илмий академик доираларда юқори рейтингга эга эмас”, – дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, ғолиб талабаларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар ноутбук, планшет ҳамда китоб жамланмалари билан тақдирлангани ҳақида маълумот берилган. Бироқ биз билан суҳбатлашган Қорақалпоқ давлат университети битирувчиси Камол Содиқов на университет раҳбарияти, на ОТВ уни тақдирламагани, ЎзМУда бўлиб ўтган, вазир иштирок этган тақдирлаш маросимида фақатгина ушбу университет талабалари қатнашганини маълум қилди.

ОТВ баёноти Математиклар жамиятининг эътирозига сабаб бўлди. Ҳамжамият IMC талабалар ўртасида бўлиб ўтадиган энг нуфузли олимпиада экани, уни “локал характерга эга бўлиб, халқаро илмий академик доираларда юқори рейтингга эга эмас” деб ҳисоблаш хато эканини таъкидлаган.

Жамшид Ниёзов,
kun.uz журналисти



Бўлимлар