Нукусда “Устюртга йўл” номли бадиий фильм тақдимоти бўлиб ўтди

Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат мусиқали театрида ўзбек кино санъати усталари томонидан яратилган “Устюртга йўл” номли бадиий фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Марказий Осиё минтақасида энг йирик лойиҳа – Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси ҳақида ўзбек кинематографчилари томонидан яратилган ушбу фильмни томошабинлар самимий кутиб олди. Тадбирда ижодий ва илмий соҳалар зиёлилари, нефть ва газ тармоғи мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О.Ҳамроев, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар бепоён Устюрт бағрида бундай замонавий корхона барпо этилиши ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фильмнинг аҳамияти хусусида сўз юритди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги, «Қорақалпоқфильм» студияси, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида суратга олинган “Устюртга йўл” бадиий фильми адиблар Гулистон Аннақличева ва Абдуқаюм Йўлдошев сценарийси асосида режиссёр, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Абдувоҳид Ғаниев томонидан суратга олинган.

Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасининг яратилиш тарихи, улкан лойиҳа ва унинг амалга оширилиши, бу ерда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар фаолиятига бағишланган ушбу фильм қаҳрамонлари замондошларимиздир.

Кинокартинада Минажиддин Узоқбоев, Акбархўжа Расулов, Адиз Ражабов, Наргиза Саломонова, Шаҳзода Матчонова, Кўпжурсин Алланазаров, Абдураим Абдуваҳобов каби актёрлар талқинида гавдаланган қаҳрамонлар тимсолида аср қурилишида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари акс эттирилган.

Устюрт газ-кимё мажмуасида меҳнат қилаётган қарийб 1,5 минг мутахассиснинг 300 нафардан ортиғи касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир.

Киноижодкорлар ана шу ёшлар билан бевосита мулоқотда бўлди. Лойиҳадан тортиб, қурилиш жараёнининг барча босқичларини пухта ўрганиш асосида яратилган фильм ҳаётий экани билан томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Тақдимот маросимида “Аср қурилиши” номли ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.

Бўлимлар