Сессиядан ўтишни хоҳлайсизми?

Сессия ўзи нима? Талабаларнинг билим, кўникма ҳамда малакаларини аниқроқ белгилаш учун олий ва ўрта махсус таълимда қишки ва ёзги имтиҳон синовлари ўтказиладиган давр - "Сессия" деб номланади.
 
Бу даврни ҳар ким ҳар хил ўтказади. Масалан, "супер контракт" га кирган 1- курслар ҳудди шу ҳолатда яни "супер сессия" кўринишида ўтказишади. Лекин, улар ҳам иккинчи, учинчи ва тўртинчи курсларда "контракт" мақомига эга чиқишади.(Бу ҳақда пастроқда батафсил сўзлашамиз) "Супер сессия" бу "супер контракт" нинг кичрайтирилган варианти. Албатта, ҳаммаси ҳам эмас лекин, аксариятида бу ҳолат кузатилади.

"Контрактлар".... Энг олий мақсад ўқиш! Бутун сместр давомида деярли дафтар тутмаган бўлса ҳам 3 та фанга битта қилиб ёзадиган акаларимиз эсга тушиб кетади. Ҳазил албатта. Уларда ҳам ҳар хил усуллар бор.

"Грандлар" Биз сизлар билан фахрланамиз!
Билим кетса кетсин стипендия куймасин шиори остида жон бериб ўқийдиган, сессияни фақат тўрт бешга ёпадиган серғайрат талабалар.

Энди  мавзуни умумлаштирсак.
 
Ҳар доим ҳам ишлатилмайдиган атамалар "домлажон", "кураторимиз"
"бизнинг деканат" ва ҳ.к. Ушбу сўзларни сессия даврида кўп эшитамиз. Яна шундай фантастик ишлар бажариладики, икки ҳафтада дафтарлар конспектларга тўлади, пастдаги принтерларга очерд метандан ҳам ошиб кетади. Бу ҳаммаси сесиянинг кучи...
Талабанинг институтда қариндоши бўлса агар у билан алоқалар қалинлаштирилади. Юқори лавозимли қариндошлар ҳам бу даврда талаба билан "елкадош" бўлишади.
Излаган имкон топар деб жуда бўлмаган жойига "уч" савдоси ҳам кузатилиб турилади. Агар ниятлар жиддий бўлса савдо номи "тўрт" ва "беш" ҳам бўлиши мумкун! 

Сессиядан ўтишни хоҳлайсизми? Мана сизга йўриқнома. Аммо бу йўриқнома асло абитуриентларга етиб бормасин. Билимга чанқоқ ёшларни "бузиб" қўймайлик деган маънода...

Аслида сессия  жуда қўрқинчли нарса эмас. Тасаввур қилинг мактабдаги назорат ишининг катталаштирилган кўриниши ҳолос.
Семестр давомида ўтилган мавзуларнинг жамланмаси ва ёдга олиш даври десак ҳам муболаға бўлмайди. 

Дарсларда домлаларнинг гапларига озгина эътибор билан қараб, марузаларни ўз вақтида тўлдириб юриш ҳамда ўзимиздан салгина интилувчанликни қўшиб юборсак, бу даврдан енгил ўтиб кетамиз. Ҳа, бу "осон" эмас лекин, жуда мураккаб ҳам эмас. Ахир, биз шу ергача келгунча қандай қийинчиликларни ортда қолдирганмиз.(Абитуриентлик даврини эслайлик) Талаба ҳаммасига қодир!

Озгина эринчоқликни четга суриб, ҳаракат қилсак нафақат сарф ҳаражатлар бўлмайди балки, бошқаларга бош эгилмайди, ёрдам кутиб қариндошларни безовта қилмаймиз ва энг асосийси талим олаётган мутахассислигимизнинг етук кадрлари бўлиб етишамиз.

Албатта, юқоридагиларнинг ҳаммаси "сессия" дан олдин кайфиятингизни кўтариш учун ҳаракат эди.

Барча талабларга яқинлашиб келаётган "байрам"- сессияда омад тилаймиз!

Маҳмудов Жавоҳир

 



Бўлимлар