Атроф-муҳит мусаффолиги – саломатлик гарови

Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими янги бинода иш бошлади.
Бўлим ўлчов, назорат асбоб-ускуналари, жиҳозлар билан таъминланиб, моддий техника базаси янгиланди.Мазкур бўлим муҳитнинг ифлосланиш даражасини аниқлаш, унинг экологик ҳолатини баҳолаш, салбий жараёнларнинг оқибатларини прогноз қилиш, бартараф этиш мақсадида биотик ва абиотик омилларининг ҳолатини, атмосфера ҳавоси, ер усти сувлари ва тупроқ ифлосланиши манбалари мониторинги, уларнинг ифлосланиш ва антропоген фаолиятнинг бошқа зарарли таъсирлари (жараёнлари) туфайли ўзгаришини ҳамда табиий ресурслардан фойдаланишни тасдиқланган дастур бўйича мунтазам кузатиш ишларини олиб боради.

Мониторинг натижалари атроф-муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига киритиб борилади.
– Табиат билан қанчалар муроса қилиб яшасак, бугун юзага келаётган экологик муаммолар қаршисида ожизлик қилмаймиз, – дейди Атроф муҳитнинг ифлосланишини мувофиқлаштириш ва мониторинги бошқармаси бошлиғи Ўлмас Собиров. – Ҳар қандай экологик муаммо у қайси қитъа, қайси давлат ёки қайси ҳудудда бўлмасин инсониятга бирдай хавф солади. Шунинг учун ҳам бугун табиий, экологик муаммолар глобал бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида» ги қарорида 2021 йилдан атроф-муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектлар атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича ўз маблағлари ҳисобидан автоматик станциялар ва уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктларини ўрнатиши белгиланган.

Ушбу қарор талабларининг ижро ҳолатини ўрганиш мақсадида мутахассислар Тахиатош туманида жойлашган «Taхиатош ИЭС» АЖ корхонасида бўлди. Ўрганиш жараёнида «Taхиаташ ИЭС» АЖ ўз маблағлари ҳисобидан атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларидан намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича «SIEMENS» маркали 2 та автоматик станциялар, уларга туташ ҳудудларга 2 та стационар кузатиш пунктлари қургани маълум бўлди. Автоматик станция кўздан кечирилиб, таклиф ва тавсиялар берилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, олиб борилаётган бу каби амалий ишлар юртимизнинг табиий ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асрашга, шу орқали табиатга янада яхши муносабатда бўлишга ундайди. шубҳасиз.

Манба: ​uza.uz



Бўлимлар