Аҳоли учун сув истеъмоли меъёрлари янада соддалашди

Мамлакатимизда ичимлик ва оқова сув соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, барча тоифадаги истеъмолчилар учун қулай, соддалаштирилган ва шаффоф ҳисоблаш тизимини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Ичимлик ва оқова сув хизматларидан фойдаланишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари  томонидан тасдиқланган 200 дан ортиқ  истеъмол меъёрлари мавжуд эди.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 январда қабул қилинган қарорига асосан ичимлик ва оқова сув хизматларидан фойдаланишда соддалаштирилган ва шаффоф ҳисоблаш тизими жорий этилмоқда. Жумладан,  мавжуд қоидаларга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, меъёрлар тўлиқ оптималлаштирилди.

– Мазкур қарорга биноан аҳоли томонидан автотранспорт воситалари, йирик қорамол, от, қўй-эчки ва паррандалар учун аввал ҳисобланаётган истеъмол меъёрлари тўлиқ ҳисобдан чиқариб ташланди, – дейди «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари А.Муродов. – Натижада, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларида сув ҳисоблагичсиз ичимлик сувидан фойдаланувчи аҳоли истеъмолчиларига 4 турдаги қуйидаги истеъмол меъёрлари қўлланилади:

– ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб ичувчилар учун киши бошига кунлик 50 литр;

– ичимлик сув тармоғига уланган, сув бериш жадвали асосида сув бериладиган хонадонлар учун киши бошига кунлик 200 литр;

– ичимлик суви тармоғига уланган хонадонлар учун киши бошига кунлик – 350 литр;

– сув сепиш ва суғориш майдонининг ҳар 1 метр квадрати учун кунлик 15 литр этиб белгиланди. 

Шунингдек, сув ҳисоблагичсиз ичимлик сувидан фойдаланувчи истеъмолчиларда ҳовуз (бассейн), микроиқлим ёки фаввора мавжуд бўлганда ичимлик сув истеъмоли ҳажми ичимлик сув қувурининг сув ўтказиш қуввати бўйича ҳисобланади. Бу каби ҳолатларда истеъмолчиларга ичимлик сувидан ҳисоблагичлар орқали фойдаланиш тавсия этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сув ҳисоблагичдан фойдаланиш ичимлик сув харажатларини камида 2 баробардан 20 баробаргача қисқартириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, сув таъминоти ва оқова сув хизматлари борасида ҳудудингизда коррупцион ҳолатларга дуч келсангиз, «Ўзсувтаъминот» АЖ комплеанс-назорат бошқармасининг 55 коди билан 503-10-55 «Ишонч телефони»га, stopcorruption@umail.uz электрон почтасига ва @UzsuvAnticorruptionBot телеграм ботига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Ичимлик сувидан тўғри ва самарали фойдаланиш бу ҳар бир кишининг  инсонийлик бурчидир.



Бўлимлар