Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонларини ажратиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2021 йил 06 ноябрь куни инаугурация маросимида нутқ сўзлаб, етти йўналишдан иборат бўлган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг иккинчи йўналишида амалга ошириладиган устивор вазифалар ҳақида тўхталар экан, келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилишини, шунингдек, хусусий мулк устиворлиги қонунларимиздаги асосий тамойил сифатида белгиланишини, давлат идораси маълумотига ишониб, мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланишини таъкидлаган эдилар. 

Тараққиёт стратегиясида белгиланган ушбу устивор вазифаларни амалга ошириш орқали келгусида ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари кафолатланади, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг ва шаффоф тартиби жорий этилади.  

Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарорлар, шунингдек ушбу соҳада ҳокимлик ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳаракат ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ ишлар маъмурий судларга тааллуқли бўлганлиги сабабли, муқаддам фуқароларга ушбу турдаги ер участкаларини ажратиш тартиби ва ушбу муносабатларни тартибга солиш учун асос бўлган айрим қонун ҳужжатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз. 

Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ муносабатларни самарали тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш, ерга оид низоларни олдини олиш, бу борада фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш, шунингдек, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга оид муҳим қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 08 июнь кунги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 6243-сонли Фармонини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.  

Чунки, ушбу Фармон билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш ва ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги ҳуқуқий асоси яратилди. 

Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди, шунингдек, 2021 йилнинг 1 августидан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди. 

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 августдаги “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-708-сонли қонунига мувофиқ, Ўзбекистон

Республикасининг Ер кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 

Жумладан, мазкур Кодекснинг 23-моддаси янги тахрирда қабул қилиниб, ушбу модданинг иккинчи қисми 1-бандида, ер участкаларини бериш (реализация қилиш) яъни, мулк қилиб бериш - қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сонли қарори, шу жумладан, ушбу қарор билан тасдиқланган “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган деб топилди.

Шунингдек, юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддаси ҳам янги тахрирда қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун 0,04 гектаргача ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида реализация қилинади.

Киритилган ушбу ўзгартишга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 27-моддасининг олдинги тахририда белгиланган, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари бериш тартиби бекор қилинди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 6-моддасида назарда тутилган туман (шаҳар) ҳокимларининг ер муносабатларига оид айрим ваколатлари, жумладан фуқароларга, юридик шахсларга эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, шунингдек ерларни олиб қўйишга доир ваколатлари бекор қилинди.  

Шунингдек, 2021 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг 3-бобида, доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фукароси томонидан - якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ҳамда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ўзига берилган ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган ер участкаларига нисбатан хусусийлаштириш тўғрисида ариза берилади. Ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара ҳуқуқи тегишли равишда

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсларига ўтганда уларга мазкур ер участкасини хусусийлаштиришга бўлган ҳуқуқ ҳам ўтади. Ариза давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали оркали берилади. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ариза ер участкасини хусусийлаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлади. Аризани кўриб чиқиш Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофик автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш натижаси ижобий ёки салбий қарорни ўз ичига олиши мумкин бўлган хабарномадан иборат бўлади. Ижобий қарор мавжуд бўлган хабарнома хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш қийматини аризачи томонидан тўлаш учун асосдир. Салбий қарор мавжуд бўлган хабарномада ер участкасини хусусийлаштириш мумкин эмаслигининг асослантирилган сабаблари шаҳарсозлик ҳужжатларининг аниқ талабларига ёки қонунчилик нормаларига ҳавола қилинган ҳолда кўрсатилади.

Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.
Хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган хусусий мулк ҳуқуқи унга бўлган ҳуқуқ Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли маълумотларни электрон тарзда киритиш орқали давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юзага келади.
Якка тартибдаги уй-жой деганда, бир ер участкасида жойлашган, доимий яшаш, дам олиш ва шахсий хўжаликни юритишга мўлжалланган ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар тегишли бўлган бир ёки бир неча турар жой иморати тушинилади. 
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддаси иккинчи қисми 1-бандида, якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини бериш (реализация қилиш), тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида амалга оширилиши белгиланган.

Шу сабабли, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини бериш тартиби ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади. 
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ва ташкил қилинаётган амалий ишлар бугунги кунда ерга оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг муҳим шартидир.  

 П.Дошмуратов
Қорақалпоғистон Республикаси 
маъмурий судининг судьяси         



Бўлимлар