ЖДПИ таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи пора олаётганда ушланди

Жиззах давлат педагогика институти декани лавозимида қолиш учун 100 минг доллар пора бераётган пайтда ушланди. Ундан бу пулни таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи талаб қилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Жиззах давлат педагогика институтининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи 2021 йилнинг октябр ойида мазкур олий ўқув юрти факултетларидан бирининг фаолиятини текшириш жараёнида аниқланган камчиликларни ушбу факултет деканига салбий таъсир қилмаслиги ва уни лавозимида қолишини таъминлаш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда у сўралган пулни воситачи орқали олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган, муқаддам судланган икки фуқаро Урганч шаҳридаги МЧЖлардан бирининг раҳбари юк автомашиналари харид қилиш учун 10 млрд сўм миқдорида кредит олмоқчи эканлигидан хабар топиб, унга бу борада танишлари орқали ёрдам беришини айтган ва эвазига 45 минг доллар талаб қилган. Улар сўралган пулдан 15 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланди.

Хоразмда кузатилган яна бир ҳолатда Хонқа тумани Давлат солиқ инспекцияси ходими иккита МЧЖ фаолиятлари бўйича ўтказилган камерал солиқ текшируви натижасига кўра, бюджетга қўшимча ҳисобланган 720 млн сўмлик солиқ тўловларини таниш ҳамкасби имкониятлари орқали камайтириб беришни ваъда қилиб, эвазига ушбу МЧЖлар раҳбаридан 5 минг доллар олган вақтида ушланган. 

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса олий ўқув юртига ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат қайд этилган. 

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро номига Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳридаги Қозоқ гуманитар юридик университетининг 1-босқичини тугатгани тўғрисида ҳужжат расмийлаштириб, сўнгра уни Тошкент давлат юридик университетининг 2-курсида ўқишга кўчириб беришни ваъда қилган 26 ёшли шахс 8 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, қонунбузар ушбу пул маблағини Чилонзор туманида жойлашган ўқув маркази раҳбари, 1994 йилда туғилган, муқаддам судланган жиноий шеригига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, пулни олган вақтида у ҳам ушланган. 

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаро ўзганинг ишончига кириб, уни ички ишлар идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Гулистон туманида яшовчи, 1994 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан судланган шахс маҳаллий фуқарони ДХХ идораларига ишга киришида ёрдам беришини айтиб, ундан 2,5 млн сўм олган вақтида ушланган. 

Аниқланишича, мазкур шахс жабрланувчидан уни ишга киритиш учун турли баҳоналарни рўкач қилиб, муқаддам 3900 доллар ва 70 млн сўм олган.

Ҳабарга кўра, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



Бўлимлар