Яхшиям футбол бор

Футбол – миллионлар ўйини! Ҳақиқатан ҳам шундайми, деб савол бериш ноўрин. Агар футбол бўлмаганида нима бўларди? Буни, ҳатто тассаввур қилиш ҳам қийин. Пеле оддий қора танли бола сифатида ўтиб кетарди. Эҳ-ҳе-э… шу чоғда яхшиям футбол бор деб юборгингиз келади, тўғрими? Ахир ҳаётини футболсиз тасаввур ҳам этолмайдиганлар сони оз эмас. Бу табиий. Ҳар ким ҳам футболчи бўлиб кетолмайди. Кимдир болалигида футболчи бўлишни орзу қилади, аммо бу истаги армонга айланади. Яна кимлардир футболга тасодифан кириб қолади-ю, шуҳрат чўққисига кўтарилади. Ушбу мақола орқали жаҳон юлдузларининг футболчи бўлмаганларида қайси касбни эгаллаган бўлишлари ҳақида сўз юритамиз. 

Футболга тасодифан 20 ёшида кириб келган бразилиялик “халқ қувончи” Маноел дос Гарринча мобода футболчи бўлмаганида детектив бўларди. У бу ишни уддасидан чиқишига ишонарди.  
Яхшиям футбол бор! Акс ҳолда Гарринча деган детектив ҳақида эшитмаслигимиз аниқ эди.

Англия премер лигасида энг кўп гол уриш борасидаги рекордчи - Алан Ширерни дурадгор сифатида тасаввур қилишимиз қийин. Нимага айнан дурадгор деб сўраябсизми? Чунки, у футболни танламаганида дурадгор бўларди-да.

“Челси”нинг фахрий форварди Диде Дрогба ёшлигида шифокор бўлишни орзу қилган. Аммо бу орзуси армонга айланган. Диде бунинг учун ҳеч қачон афсусланмаса керак. Ахир у футбол туфай-ли дунёга танилди. У футболни танлагани учун тақдиридан мамнун бўлса арзийди. Балки шифокор бўлганида бугунгидек машҳур бўла олмаслиги аниқ эди. 

Спайсбой лақабли Девид Бекхем футболчи бўлмаганида ким бўларди? Стилист деб ўйлагандирсиз, балки. Зеро, унинг соч турмаги дунёда анча машҳур бўлиб кетган. Лекин Бекс стилист эмас, архитектор бўлишни орзу қилган. Ким билади дейсиз, архитектор бўлганида Лондонда Эйфел минорасидан ҳам ажойиб бино қуриб шуҳратини бутун дунёга танитармиди? Ахир у ҳар жиҳатдан талантли-ку! 

Эндиликда собиқ дарвозабонга айланган, голландиялик киппер Эдвин Ван дер Саар футболни танламаганида спорт дўкони эгаси ёки жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўларди. Ҳа, у ҳақиқий спортчи, барибир спорт ичида қоларди. 

“Арсенал” клуби тарихидаги энг кучли футболчилардан бири бўлган  

Терри Анри футболчи бўлмаганида “отам ҳовузга етаклаб борганида сузувчи бўлардим” дея таъкидлайди. Демак, Қирол Анрининг футболчи бўлишида отасининг ҳиссаси кўпроқ бўлгани ўз-ўзидан аён. Алешандро Пато балким ҳозир футболчи эмас, физиотерапевт бўлиб юрган бўлармиди? Яна ким билади дейсиз?  

“Челси”нинг ишонган тоғи Жон Терри болалигида футболчи бўлишни эмас, аксинча, ёнғин ўчирувчи бўлишни орзу қилган. Унинг ҳам орзуси саробга айланган. Лекин “Темир одам” ўз тақдиридан хафа десам катта хатога йўл қўйган бўламан.2007-йили Жаҳоннинг энг кучли футболчиси бўлган Кака отаси каби муҳандис бўларди. Агар у муҳандис бўлганида, 2007-йили жаҳоннинг энг кучли футболчиси ким бўларди? Афсуски, муҳандислар ана шундай касбдошлари бўлишидан футбол туфайли маҳрум бўлишган.  

Ажаб бўлсин! Нима дедингиз?

“Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Рио Фердинанд футболчи бўлмаганида ким бўларди? Репперми? Ўқитувчими? Актёрми ёки архитектор? Йўқ! Ҳеч бири. У ўзи туғилиб ўсган Саутваркда фақатгина оддий ишчи бўларди, холос. “Интер” ҳимоячиси Хавер Занетти ҳам ўзи туғилиб ўсган жойда ишларди. У пойтахтнинг порт қисмида улғайгани учун, балки денгизчи бўлган бўларди. Футболчиларнинг аксар бўш вақтларида балиқ овлашни яхши кўришларини билиб олган бўлсангиз керак. Аммо ёшлигида балиқчи бўлишни орзу қилган футболчиларни билмасангиз керак. Агар билмасангиз марҳамат билиб олишингиз мумкин. Булар ”Милан”даги “Шерюрак” ҳимоячи Женнаро Гаттузо ва “Ливерпул” ҳужумчиси Дирк Куйтлардир. Уларни балиқ овлаб, бозорда балиқ сотиб юришларини кўз олдингизга келтира оласизми? Ҳа, дарров куласиз-а! 

“Зидан кушандаси” италиялик “маҳлуқ” Марко Матераси болалигида баскетболчи бўлишни орзу қилган, афсонавий Майкл Жордан унинг спортдаги кумири ҳисобланарди. Марконинг айнан Жордан ўйнаган 23-рақамни ўзига олгани бежиз эмас, албатта. Унинг баскетболчи бўлишига фақатгина футбол қарши чиққан. Маркода баскетболчиларга хос барча омиллар мавжуд. Баҳайбат гавда, узун бўй ва узун тил… бўйи кичкина бўлишига қарамай германиялик Филип Лам ҳам болалигида баскетболчи бўлишни хоҳлаган.Собиқ Иттифоқ даврида туғилиб вояга етган Россиялик Константин Зирянов ва Украиналик Андрей Шевченколар болалигида хоккейга ҳам кўнгил беришган. Агар, улар футболни танламаганларида бугун хоккейчи сифатида кўз олдимизда гавдаланишган бўлишармиди? Шева шунингдек теннисчи бўлиши ҳам мумкин эди. Агар у теннисчи бўлганида Роже Федерер-у, Рафаел Надаллар билан бир қаторда бўлармиди? Лекин футболдагидек муваффақиятларга эришиши барибир мушкул бўларди. Ёшлигида теннисчи бўлиш орзусида юрган футболчилардан яна бири бу ЖЧ-2010нинг “энг яхши футболчиси” ва янги “нерадзури” аъзоси Диего Форландир. У ҳам футболни танлаганига яратганга раҳматлар айтса арзийди. 

Мана азизлар, бугунги кунда биз юқоридаги футболчиларни айнан футбол туфайли таниймиз. Улар “миллионлар ўйини” сабабли миллионлаб мухлисларга эгалар. Агар, бошқа соҳани танлаганларида бу каби муваффақиятларга эриша олмасликлари аниқ эди. Чунки улар фақатгина футбол учун дунёга келишган. Тўғри, юқорида номлари келтирилган футболчиларсиз ҳам футбол мухлислари камайиб қолмайди. Аммо айнан улар туфайли футбол янаям жозибалироқдир. Яхшиям футбол бор. Билмадим, акс ҳолда нима қилар эдик?

"KRuz.uz" сайти асосчиси марҳум журналист ФУРҚАТ ЮСУПОВнинг "Футбол фалсафacи" китобидан олинди.

@KRuzuz



Бўлимлар