Месси билан боғлиқ ҳунук ҳолатлар ТОП-5 талиги

Албатта, ҳар бир футболчининг ҳаётида омадсиз даврлар учраб туради. Бутун футболчилик фаолиятини юқори темпда ўтказиш осон эмас. Лео Мессининг рекордлари, ютуқлари ҳақидаги бир қатор мақолаларни ўқигансиз, албатта. Бу сафар эса сизга “ўзга сайёралик” Месси билан боғлиқ 5 та ҳунук ҳолатлар ҳақида ҳикоя қиламиз. 

1. Терма жамоадаги омадсиз дебют
 
“Барселона” сафида дебютини нишонлаганидан атиги 2,5 ой ўтгач, 18 ёшли Месси Аргентина терма жамоаси сафидаги дебютини ҳам ўтказди. 2005-йилнинг август ойида Венгрияга қарши кечган ўртоқлик учрашувининг 63-дақиқада захирадан майдонга тушган Лео, атиги 47 сониядан сўнг ортга қайтди. Яъни ҳакам рақиби – Вилмош Ванчек юзига тарсаки билан зарба берган ёш юлдузни аяб ўтирмади. Шу тариқа Мессининг дебют ўйини “қизил”га бурканди. Бироқ, Месси шундан сўнг “синиб” қолмади ва терма жамоада бир қатор ёрқин ўйинларни ҳам ўтказди. 

2. Президентнинг қизига берилмаган дастхат

2011-йилнинг октябрида Аргентина терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаши доирасида кутилмаганда ўз тарихида илк бора Венесуелага ютқазиб қўйишади. Натижада Мессининг жамоадошлари майдонни “хира” кайфиятда тарк этишди. Уларнинг ортларидан Венесуела президенти Уго  
Чавеснинг қизи Росина ҳам югуриб борди. У Леодан дастхат олишни хоҳлаган эди. Бироқ Месси шошилаётганини баҳона қилиб, қизнинг илтимосини ерда қолдирди. Ўшанда ҳужумчи ҳаттоки, жамоа автобусини ҳам кутмай, аеропортга шахсий автомобилида йўл олганди. 

3. Қўл билан урилган гол 

2007-йилда Испания примеросининг навбатдаги мавсуми финишига  
2 тур қолганида “Барселона” “Каталония дербиси”да “Эспанол” билан ўйнади. Муайян натижа қайд этилган тақдирда, Месси ва жамоа соврин йўлида курашни давом эттирарди. Биринчи бўлим охирида Лео ҳисобни тенглаштирди. Бироқ ўнг қанотдан узатилган тўпни дарвозага йўллашда қўлини ишга солди. “Эспанол” вакилларининг адолат сўраб қилган айюҳаннослари зое кетди: ҳакам голни инобатга олди. Қолган вақт давомида Месси яна бир марта муваффақият қозонди, бироқ “кўк-анорранглилар” охирги дақиқада ғалабани қўлдан чиқаришди, шунинг баробарида чемпионлик пойгасида яхши имкониятни ҳам. 

4. Футболчининг белига тупуриш 

2008-йилнинг ноябрида “Малага”га қарши учрашувда Мессини андалусияликларнинг энг тажрибали футболчиси Дуда алоҳида таъқиб остига олди. Бироқ барибир ўша ўйинда Лео гол киритишни уддасидан чиққан эди. Ўйиндаги ўзига хос “олишувлар”да футболчилар бир неча марта тўқнашиб кетишди ва ерга тенг йиқилган ҳолатлар ҳам кўп кузатилди. Шундай вазиятларнинг бирида Месси ўрнидан оҳиста турганча рақибининг белига тупуришга жазм этди. 

5. Стаматологга боришга мажбур бўлган Майкон воқеаси

2010-йили “Интер” ва “Барселона” ўртасида кечган Чемпионлар лигаси ярим финалининг илк ўйинида Месси ортиқча ҳаракатга берилиши билан эсда қолди. Иккинчи бўлимда тўп учун курашга киришган “аламзада” Лео ҳимоячи Майконнинг юзига пешонаси билан урилади. Натижада бразилиялик анчагача ўзига кела олмайди ва захира вакили билан алмаштирилади. Майдон четидаёқ Майконнинг олд тишлари камайгани ойдинлашди.

Мақола "KRuz.uz" сайти асосчиси марҳум журналист ФУРҚАТ ЮСУПОВнинг "Футбол фалсафacи" китобидан олинди.



Бўлимлар