МУРАББИЙ ВА ФУТБОЛЧИЛАР ЎРТАСИДАГИ МОЖАРОЛАР

Юлдуз футболчилар ва мураббийлар ўртасида тушунмовчиликлар келиб чиқиши табиий, албатта. Бироқ баъзан ана шу тушунмовчиликлар шу қадар жиддий тус олган вазиятлар бўладики, жамоадан униси ёки буниси кетиши билан якунланган. Биз сўнгги пайтларда мураббий ва футболчилар ўртасида юзага келган можаролар ТОП-5 талигини тузиб чиқишга ҳаракат қилдик.

5. Роналдо – Фабио Капелло (“Реал”, 2007-йил) “Қироллик клуби” кетма-кет омадсизликка юз тутавергач, клуб раҳбарияти жамоага италиялик Фабио Капеллони таклиф қилишди. Дон Фабионинг Мадридга қайтиши бир қатор можароларни келтириб чиқарди. Мутахассис “галактикос” юлдузлари билан унчалик чиқиша олмайди. У айниқса бразилиялик “сўйлоқ” Роналдо билан очиқ-ойдин ёмон муносабатда бўлди. Роналдонинг ортиқча вазнини назарда тутиб, уни захира ўриндиғига “михлаб” қўяди. Бразилиялик ҳужумчи эса бунга жавобан мураббийни матбуот орқали яхшигина “тузлайди”. Улар орасидаги муносабат кундан-кунга ёмонлашиб боради ва кейинги мавсумда “Реал” уларнинг ҳар иккаласидан воз кечади. Роналдо “Милан”га йўл олади, Капелло эса дам олишга…  

4. Мата – Моурино (“Челси”, 2013-йил) 
Жозе Лондонга қайтгач, яъна бир бор ўзини кўрсатиб қўйди.Клуб етакчиси бўлган Матани захирага “мих”лаб қўяди. Мураббийнинг бу қарорини тушуниш қийин эди. Боиси Мата Жозе келгунга қадар клубнинг энг жонкуяр ўйинчиси эди. Моур испаниялик футболчиларни ёмон кўриб қолганиданми ёки бошқа сабаб Хуанни асосий таркибга умуман жалб қилмай қўяди. Натижада қишда футболчи жамоанинг энг асосий рақобатчиларидан бири бўлган “Манчестер юнайтед”га сотиб юборилади.

3. Касиляс – Моурино (“Реал”, 2012-йил) 
Моурино ўзи ишлаган жамоаларда доимо биринчи рақамли инсон бўлишга ўрганиб қолган. Мадридда мухлислар ёқимтойи ва барчанинг ҳурматига сазовор бўлган Касиляс билан у келиша олмай қолади. 2012-йилда Жозе клуб рамзини асосий таркибга киритмай қўяди. Бироз вақтдан сўнг эса Икер “Реал”нинг иккинчи дарвозабонига айланиб қолди. Миш-мишларга қараганда, Касиляснинг жамоадаги оброи Моуриноникидан баланд бўлганлиги мураббийга ёқмаган экан. Дарвозабоннинг ўйинида пасайиш сезилганини португалиялик  
мутахасси ўша пайтдаёқ сезганлигини тан олиш лозим. Шунга қарамай Икер ҳеч қачон Моуринога қарши чиқадиган бирон-бир фикр билдирмаган.  

2. Тевез – Манчини (“Манчестер Сити”, 2011-йил) “Манчестер Сити” Чемпионлар лигасида “Бавария”га қарши ўйин ўтказаётганди. Манчини ушбу ўйинда Тевезни захирадан майдонга туширишга қарор қилди. Бироқ аргентиналик ҳужумчи майдонга тушишни истамайди. Унинг бу қарори Робертонинг жаҳлини чиқаради. Тевез клубдан ҳайдалишига ҳам бир баҳия қолади. Карлос ҳаттоки бир неча ойни майдон ташқарисида ўтказишига ҳам тўғри келади. Тўғри улар орасидаги муносабат кейинчалик бироз яхшиланган. Бироқ уларнинг илиқ муносабатлари узоқ давом этмайди.

 1. Ибрагимович – Хосеп Гвардиола (“Барселона”, 2010-йил) 2009-йилда “Барселона” ўз тарихидаги рекорд сумма эвазига Ибрагимовични сотиб олади. Клуб швед ўғлонини қўлга киритиш  учун ҳаттоки ЭтўОдан ҳам воз кечади. Ҳаммаси Златан учун анча омадли бошланган эди. У ҳаттоки дебют “Классико”сида ягона голга муаллифлик қилади. Бироқ кейинчалик ҳаммаси тескари кўриниш олди. Пеп ва Златан бир-бирларини унчалик тушунмай қолдилар. Мураббий марказий ҳужумга Мессини қўяди ва Златан ўзи учун ноқулай бўлган позицияда ҳаракат қила бошлайди. Табиийки бу Ибрани қониқтирмасди. Натижада клуб раҳбарияти ҳужумчи кейинги мавсумда “Милан”га 3 баробар арзон нархга сотиб юборади. Ибрагимович жамоадан кетганидан сўнг Гвардиола билан келишмовчиликларнинг ҳақиқий сабабларини ўз автобиографик китобида  
очиқ-ойдин баён этди.

Албатта, бу малумотлар ва фактлар мақола ёзилган вақт кесими бўйича олинган. Орадан йиллар ўтди ва бу фактлар ўзгаргани табиий.

Мақола "KRuz.uz" сайти асосчиси марҳум журналист ФУРҚАТ ЮСУПОВнинг "Футбол фалсафacи" китобидан олинди.

 



Бўлимлар