Болалар спортига қаратилаётган эътибор Қорақалпоғистон мисолида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги «Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 410-сонли Қарори ҳамда, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2018 йил 3 августдаги «Ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академияларига қабул қилиш бўйича» 128-сонли буйруғининг ижросини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб футбол академиялари ташкил қилиниб шу йилдан эътиборан ёш иқтидор эгаларини қабул қилишни бошлади. 

Шу қаторда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Болалар ва ўсмирлар футбол академиясига 2018- йилдан буён футболчи бўлишни мақсад қилган иқтидорли болаларга ушбу спорт турининг сир-синоатлари малакали мураббийлар томонидан ўргатилиб келинмоқда. Бугунги кунда мазкур футбол академиясининг моддий-техник базаси шунингдек, тарбияланётганларга яратилган шароитлар замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Ҳозирда академияда еттита ёш тоифасидаги гуруҳлар мавжуд бўлиб, ҳар бир гуруҳда 22 тадан жами 154 нафар спортчи ёшлар  футбол сирларини босқичма-босқич ўрганиб келмоқдалар. Тажрибали мутахассислардан ташкил топган 20 нафар спорт мураббийлари академия тарбияланувчиларига футбол олами ва унинг моҳиятидан дарс бермоқда. Мутахассисларнинг ҳар-бири алоҳида-алоҳида гуруҳларга бўлиниб машғулотлар ўтиши уларнинг профессионал спорт мураббийлари эканлигини кўрсатади. Ёш футболчилар эса улардан олган билимлари орқали аста-секин катта футбол сари қадам ташламоқда.  

        Футбол мухлисларига аёнки, профессионал футболда ҳар бир ўйинчининг жисмоний, психологик ва техник мураббийлари бўлади. Мазкур академияда ҳам бу йўналишларга жавоб бера оладиган мураббийлар мавжуд ва улар ёш спортчиларнинг ҳар тарафлама етук футболчи бўлишлари учун меҳнат қилиб келмоқда. Ундан ташқари академияда умумий мураббийлардан алоҳида дарвозабонлар учун 4 нафар мутахассислар ажратилган. Улар жамоанинг ярми ҳисобланмиш дарвозабонлар билан ҳар куни алоҳида машғулотлар ўташади. Шунингдек, туманлардаги иқтидорли ёшларни излаб топиш мақсадида махсус селекционер мураббийлар ҳам фаолият юритади. Селекционер мураббий туманлардаги мактабларда мусобақалар ташкил этиб иқтидорларни кашф қилади ва пойтахтдаги академия бағрига чорлайди. Академияда фаолият олиб бораётган ҳар бир мутахассис ва мураббийларнинг қилаётган ишлари тақсинга сазовор. Академия фаолиятини бошланганига кўп бўлмаган эрсада, бундай шароитларнинг яратилганлиги ва ушбу даргоҳда шуғулланиш истагидаги талабгорларнинг кўплиги одамни қувонтиради, албатта.  

     Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ибраимов Баҳадир аканинг бизга берган маълумотларига кўра академия ётоқхонаси 154 ўринга мўлжалланган ва таъкидлаш жоизки ушбу ётоқхонада ҳох Қорақалпоғостоннинг энг чекка туманларидан келган ёш спортчилар бўлсин, ҳох нукуслик спортчи бўлсин ҳаммасига махсус ўринлар ажратилган. Бу ерда яшаш ёки уйидан қатнаб шуғулланиш спортчининг ўзи ва ота-онасига боғлиқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ёш футболчиларнинг қатнаши ва ўқиши доимий тарзда академия назоратида. Тарбияланувчилар мактабдаги дарслардан ҳам қолиб кетмаслиги таъминланган, яъниким, академияга яқин жойлашган 10 ва 34-сонли мактаблар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тушгача шуғулланувчи спортчиларнинг мактабдаги дарслари тушдан кейинга қўйилган, аксинча, тушдан кейин шуғулланадиганлар эса мактабга эрталаб боришади. Тарбияланувчиларнинг овқатланиш режими ҳам қаттиқ назорат остида, улар кунига 4 маҳал калорияга бой маҳсулотлар билан овқатланиши таъминланган.  Буларнинг барчаси спортчилар ва уларнинг оиласига қулайлик яратиш мақсадида ташкиллаштирилган бўлиб, ёшларнинг соғлиғига муҳом эътибор қаратилганлигидан далолатдир.

        Албатта, ушбу қилинаётган ишлар ўз мевасини бера бошлади. 2005 йилда туғилган тарбиянувчилар 2019 йил Озарбайжонда ўтказилган халқаро турнирда фахрли учинчи ўринни эгаллаб қайтишган. 2004 йилда туғилган тарбиянувчилар эса 2020 йилги Ўзбекистон Кубогида фахрли учинчи ўринни қўлга киритишган.

Шунингдек, 2021 йилги Ўзбекистон Кубоги мусобақасида 2005 йилда туғилган ўсмирлар барча рақибларидан устун келиб, якунда бош совринни қўлга киритишган. Булар ҳаммаси эмас академиядан ёш дарвозабон Самандар Муратбаев ўн саккиз ёшлилар ўртасида Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам жалб этилган бўлиб, ҳозирда ушбу спортчи Тошкент вилоятининг «Металлург» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.Шу ўринда барчада савол туғилиши табиий. Ушбу академияни тамомлаган ва профисионал клубларда ўйнаш имкониятига эга бўла олмаганларнинг тақдири нима бўлади? Албатта, бу масала ҳам ўз ечимини топган бўлиб,  ҳар бир битирувчи учун академия томонидан келажакда спорт соҳасида фаолият юритишлари учун махсус дипломлар берилади.Бу эса спортчиларнинг келгусидаги карерасида муҳим рўл ўйнайди. 

          Футбол  спорт турида юқори иқтидорга эга бўлган болаларни саралаб, уларни ушбу соҳада ўқитиб, индивидуал хусусиятларини кучайтириш, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш учун ишончли захирани шакллантириш, истеъдодли болаларни футболга жалб этиш ва футбол бўйича салоҳиятини доимий равишда ошириб бориш, шунингдек, профессионал футболчиларни тайёрлаш тизимини ташкил этиш, юртимиз футболини ривожланган мамлакатлар билан халқаро миқёсда рақобатлашадиган даражага етказиш, турли ёш тоифасидаги республика терма  жамоаларга ва профессионал футбол жамоаларига етук футболчиларни тайёрлаш каби бир қатор эзгу мақсадларни кўзлаган болалар ва ўсмирлар футбол академияларида бугун футболга ошно ўқувчилар жам бўлишган. 

       Албатта, болалар спортига қаратилаётган эътибор бир кун келиб Ўзбекистон ва дунё миқёсидаги ютуқлар учун дебоча хизматини ўтайди. Бундай академияларнинг кўпайиши юртимиз футболи ривожланишга катта ҳисса қўшади десак муболаға бўлмайди.  Зеро, биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таъкидлаганидек «Ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик тез дунёга танита олмайди».

Жавохир МАҲМУДОВ



Бўлимлар