Ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси иш бошлаб ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўладиган пайт келди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонаси очилганидан сўнг, халқимизнинг жуда кўп муаммолари ўз ечимини топа бошлади. Ушбу қабулхона Президент қабулхонасига айлантирилганидан кейин, одамларнинг унга бўлган ишончи янада ортди

Президентимиз 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилганидан сўнг Республикамиздаги барча вазирликлар ўз Виртуал қабулхонасини оча бошлашди. Корхона, ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳам интернетда ўз Виртуал қабулхоналарини очиб, инсонларнинг муаммосини тезкор равишда ҳал қилишда жонбозлик кўрсатишмоқда.

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ҳам Виртуал қабулхонаси иш бошлади. Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Қорақалпоқ давлат университети ректори, Нукус давлат педагогика институти ректори, ТАТУ Нукус филиали директори, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директорининг ҳам Виртуал қабулхоналари очилгани фикримизнинг далилидир.

Эндиликда фуқаролар уйда ўтириб, интернет орқали ўз муаммолари бўйича тегишли жойларга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу эса халқимизнинг оғирини енгил қилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Энди бошқа вазирликлар, қўмита, бош¬қарма, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам ўз виртуал қабулхоналари очишса нур устига аъло нур бўларди.

Республикамиздаги Нукус шаҳри ва 14 та туман ҳокимликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Бугунги кунда барча ҳокимликлар ўз веб-сайтига эга. Яқингача ҳеч бир ҳокимнинг Виртуал қабулхонаси йўқ эди. Бу ишни биринчи бўлиб Элликқалъа тумани ҳокими Неъматулла Худайбергенов бошлаб берди.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини, ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш, мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини ошириш ҳамда ахборот тарқатиш тартибини белгилашдан иборат.

15 та ҳокимликнинг веб-сайтларини мониторинг қилганимизда, 6 та ҳокимлик веб-сайтида ҳокимлар ҳақидаги янги маълумотлар жойлаштирилмагани, уларда эски маълумотлар турганининг гувоҳи бўлдик. Бунинг оқибатида ушбу сайтларга кирган инсонлар нотўғри ахборот олаётганини англаш мумкин. Фақатгина 4 та ҳокимликнинг сайтида туман ва шаҳарга оид янгиликлар бериб борилмоқда. Қолган 11 та туманнинг веб-сайтини эса эски, анча олдин жойлаштирилган янгиликлар безаб турибди.

3 та туман веб-сайтида “Норматив-ҳужжатлар” бўлими бўм-бўш турибди. Бирорта ҳам ҳокимлик сайтида “Интерактив хизматлар” йўқлиги эса бироз аянчли ҳолат. Намуна сифатида Элликқалъа тумани ҳокимлигининг веб-сайтини кўрсатишимиз мумкин. Ellikqala.uz сайтида туман ҳаётига оид янгиликлар доимий тарзда янгиланиб борилмоқда.

Энди масаланинг асосий моҳиятига ўтсак. Шаҳар ва туман ҳокимлари ҳам Виртуал қабулхоналарини очишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Боиси, ҳокимликка мурожаат қилувчи инсонлар орамизда кам эмас. Улар ҳам электрон тарзда бевосита ҳокимга ўз мурожаатларини йўллаш имконига эга бўлишса, бу халқимиз учун ҳам яхши бўларди.

Президентимизнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида ўз саҳифаси мавжуд. Унда Давлат раҳбарининг фармонлари, қонунлари ва маърузалари эълон қилиниб борилади. Президентимизнинг ушбу саҳифасини тармоқда 80 мингдан ортиқ инсонлар кузатиб боришади. Балки вазирлар ва ҳокимлар ҳам ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эга бўладиган пайт келмадимикан?

Фурқат Юсупов

Бўлимлар