Ўзбекистонда 10 000 сўмлик банкнот чиқарилиши кутилмоқда

Ижтимоий тармоқларда бугундан Ўзбекистонда 10 000 сўмлик банкнот муомалага чиқарилиши ҳақида муҳокамалар бошланди, дея ёзмоқда Kun.uz

Шунингдек, интернетда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 10000 сўмлик банкноталарнинг чиқарилиши тўғрисида»ги қарори нусхаси тарқалмоқда. Ушбу қарорга Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев имзо чеккан.

Қарорда банкнот қачондан чиқарилиши ҳақида маълумот йўқ.

Манбаларнинг билдирилишича, банкнот қизил рангда бўлади.

Қайд этиш жоизки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу янгиликни маъқуллашмоқда. 

«20.000, 50.000 ва 100.000 сўмликларниям биратўла чиқарвориб, ҳаммаёқда банкоматлар ўрнатиш керак. Фақат, ягона шарти - банкоматларни ўраволадиганларни йўқ қилиш керак», дея фикр билдирган тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Кун» маълумоти

Ўзбекистон Марказий банки сайти маълумотларига кўра, 1994 йили 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик банкноталар ва 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалара муомалага киритилган.

1997 йил 1 мартдан 200 сўмлик банкнота ва 1, 5, 10 сўмлик тангалар, 2000 йил 1 июнда 500 сўмлик номиналдаги, 2001 йил 1 сентябрда эса 1000 сўмлик номиналдаги банкноталар муомалага киритилган.

2005 йил 1 июлда Ўзбекистон миллий валютасининг ўн йиллигига бағишланган 100 сўмлик қийматида танга, 2011 йил 1 сентябрда эса Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган 500 сўм қийматидаги танга пуллар муомалага киритилган.

Ҳозирги вақтда энг йирик купюра ҳисобланган 5000 сўмлик қийматидаги банкноталар 2013 йил 1 июлда муомалага киритилган.

Бундан ташқари, 1999 йил 20 октябрдан Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги муносабати билан 25 сўмлик, 2002 йил 1 ноябрдан Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига бағишлаб 50 сўмлик, 2009 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан икки хил кўринишдаги 100 сўмлик металл тангалар муомалага киритилган.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар