Президент қарори: Мўйноқда тадбиркорларга солиқлардан супер имтиёзлар берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 28 февраль куни “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2803-сонли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қарорга асосан Мўйноқ тумани географик жойлашуви, ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик даражаси, табиий иқлим шароити ва ресурслари ҳамда аҳолининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, туманда 2017-2018 йилларда умумий қиймати 52,3 млрд. сўм, жумладан 990 минг АҚШ долларига тенг бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1343 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.

Жумладан:
Саноат йўналишида 28 та лойиҳа (30,2 млрд.сўм, 990 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция) бўйича 958 та янги иш ўрни;
Хизмат кўрсатиш, сервис ва туризм йўналишида 28 та лойиҳа (17,2 млрд.сўм миқдорида инвестиция) бўйича 282 та янги иш ўрни;
қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишида 16 та лойиҳа (4,9 млрд.сўм миқдорида инвестиция) бўйича 103 та янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Шунингдек, туманга инвесторларни кенгроқ жалб қилиш ва тадбиркорларга янгича ёндошув асосида қулайликлар яратиш мақсадида:
- Мўйноқ туманидаги собиқ “Мўйноқ балиқ консерва комбинати” ҳудудида 16 гектар ва собиқ 5-қурилиш бошқармаси ҳудудида 4,5 гектар, жами 20,5 гектар майдонда электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, сув насослари, сув ҳисоблагичлари, сув қувурлари, тайёр трикотаж, тикувчилик ва бошқа замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича “Мўйноқ” кичик саноат зонасини барпо этиш;
- “Мўйноқ” кичик саноат зонасида янги ташкил этиладиган ва унинг майдонида саноат соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари барча турдаги солиқлардан;
- туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқдан;
- туман ҳудудида рўйхатдан ўтган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан таъсисчиларга тўланадиган дивидендлар тазидаги даромадлар солиқдан 10 йил муддатга озод қилиниши белгиланди.

Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда Мўйноқ туманида амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар бўйича тадбиркорлик субъектлари учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида кредитлар ажратиш назарда тутилган.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар