Қорақалпоғистонда узумчиликни ривожлантириш орқали 500 дан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган

Қорақалпоғистон Республикасида 2017-2021 йилларда 950 гектар токзор барпо этиш учун қулай ер ажратиш, узумчиликни ривожлантириш орқали 500 дан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Нукусда узумчиликни ривожлантириш ва унинг истиқболларига бағишлаб ўтказилган кўргазмали семинарда бу алоҳида таъкидланди.

“Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси томонидан қишлоқ хўжалиги мутахассислари, боғбонлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган семинарда Қорақалпоғистон Республикасининг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда токзорлар учун мос ерлар ажратиш, узумчиликка замонавий технологияларни жорий этиш, яроқсиз узум плантацияларини реконструкция қилиш, ердан унумли фойдаланиш, қатор ораларида полиз-сабзавот маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

– Семинар минтақада узум етиштиришга ихтисослашган фермерларнинг билим ва тажрибасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси бўлим бошлиғи Адиба Аҳмаджонова. – Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд 1 минг 700 гектардан зиёд токзорда етиштирилаётган узум сифатини яхшилаш, токзорларни кенгайтириш, ҳосилдорликни оширишнинг агротехник қоидалари, моддий-техник ресурслар таъминоти, заҳарли кимёвий препаратларни қўллаш технологиялари, тупроқ таркибида ўсимлик учун энг зарур азот, фосфор ва калий элементларини кўпайтириш усуллари, сўнгги йилларда соҳага жалб этилаётган инновацион ишланмалар бўйича кенг тушунчалар берилди.

Кўргазмада иштирокчилар токзорларга кимёвий ишлов бериш ускуналари, экспортбоп янги серҳосил навлар ва уларнинг агротехника қоидалари, кимёвий препаратлар ва уларни қўллаш тавсияномалари билан танишди. Боғбонлар, фермер хўжаликлари ва таъминотчи корхоналар ўртасида шартномалар тузилди.

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар