Орол денгизининг қуриган тагида қолган кемаларнинг биринчисига “Германия” номи берилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февраль кунги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017−2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудидаги 11 та кемани қайта тиклаш ва уларга қизиқиш юқори бўлган туристлар келувчи мамлакатлар номини бериш назарда тутилган.

Ушбу кемаларни қайта тиклаш ишлари бошлонмақда ва қизиқиш юқори бўлган туристлар келувчи мамлакатларни назарда тутган ҳолда кемаларнинг (1-расм, ўнгдан) биринчисига «Германия», иккинчисига эса «Япония» номи берилади, дейди Мўйноқ тумани маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Гулбаҳар Тоқсанбаева. Қолган кемаларнинг номи эса мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Мўйноқ тумани ҳокими Худайберген Утениязовнинг таъкидлашича, кўпчиликнинг таклифига биноан Мўйноқ тумани марказидаги "Буйный" номли кема эса (2-расм) «Ўзбекистон» номи билан аталиши маъқул кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорида Мўйноқ туманини туристик марказга айлантириш назарда тутилган бўлиб, ушбу қарор кўпчиликнинг қизиқишини орттирмоқда. Айниқса, кемаларга мамлакатларнинг ном берилиши хорижий туристларнинг ҳам эътиборини қозониши мумкин.

Фото: «Кемалар қабристони». Мўйноқ тумани

 

Фото:Мўйноқ тумани марказидаги эсдалик-кема

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ахборот хизмати

Бўлимлар