Нукусдаги велотурда фақат хотин-қизлар қатнашди

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан "Соғлом аёл – соғлом авлод" шиори остида хотин-қизлар ўртасида ўтказилган велотурда корхона-ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хотин-қизлар иштирок этди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмиталари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Нукус шаҳри кўчалари бўйлаб ўтказилган мусобақа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, аёлларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. 

18 ёшдан 30 ёшгача бўлган иштирокчилар ўртасида Наргиза Сейтимбетова, 31 ёшдан 44 ёшгача бўлганлар орасида Қарлиғаш Бекчанова, 45 ёшдан катталар гуруҳида Қирмизи Мамбетқосимова маррага биринчи бўлиб етиб келди. "Энг ёши улуғ иштирокчи", "Энг ёш иштирокчи", "Ғалабага бўлган интилиши учун" номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 

Веломарафон ғолибларини тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Иброҳимова, Қорақалпоғистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Ғ.Бойниёзов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етказиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. 

– Веломарафонда иштирокчиларнинг кўплиги ушбу спорт тури хотин-қизлар ўртасида тобора оммавийлашаётганини кўрсатмоқда, – дейди мусобақа ғолиби Қарлиғаш Бекчанова. – Кегейли тумани Қозонкеткен аҳоли пунктидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида теннис бўйича мураббия бўлиб ишлайман. Велоспорт билан кўп йиллардан буён шуғулланаман. Велосипед ҳайдаш кишига завқ бағишлаш билан бирга, ўзингни ҳамиша тетик ҳис қилишда муҳим аҳамият касб этади. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар