Қораўзакдаги корхoнада йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади

Қораўзак туманида бунёд этилган «Qoraqalpoq sement» масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонаси истиқболли лойиҳа рўёбидир.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ҳамда диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 4707–сонли қарорига мувофиқ барпо этилган мазкур корхона “М-400” русумли цемент ишлаб чиқаришга иxтисослашган. Шу кунгача автомобиль ва темир йўл тармоқларини барпо этиш, электрлаштириш, сув тармоғи, подстанция қуриш каби инфратузилма ишлари муваффақиятли амалга оширилди.


— Умумий инвестициявий қиймати 40 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа натижасида йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади, — дейди корхона директори Анвар Шукуров. — Жумладан, биринчи ва иккинчи босқичларида йилига 250 минг тоннадан, учинчи босқичида 700 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Ҳозир созлаш-бутлаш ишлари якунланган ва корхона фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилган. Умуман жорий йил охиригача барча босқичлар тугатилиб, завод тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди. Асосийси, маҳаллий аҳолидан 180 нафар, соҳага алоқадор ва xизмат кўрсатиш тармоқларида яна 70 дан зиёд кишининг доимий бандлигини таъминлаш имконияти яратилди.

Айтиш жоизки, корxонада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг биринчи ва иккинчи босқичларида мамлакатимизда янги бўлган теxнология, яъни вертикал, учинчи босқичда эса айланма печдан фойдаланилади. Бунда қисқа муддатда катта инвестицияни ўзлаштириш, ҳамда барча инфратузилмага эга бўлган замонавий ишлаб чиқариш объектини барпо этиш муҳим омил бўлди. 

Бир сўз билан айтганда, Оролбўйини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, айниқса ҳудуд аҳолисини барқарор иш ўринлари билан таъминлашда бу каби лойиҳаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Диққатдиққат!  KRuz.uz сайтини Telegram'даги канал, Instagram'даги саҳифа ва  Facebook'даг гуруҳ орқали кузатиб боринг!

Бўлимлар