Нукусда “Ўтмишдан садо” деб номланган кўргазма очилди

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, мусаввир Барлиқбой Айтмуратовнинг “Ўтмишдан садо” деб номланган шахсий кўргазмаси очилди. 

Таниқли рассомнинг 90 картинаси намойиш этилаётган кўргазманинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида миллий маданиятимиз, хусусан, тасвирий санъатни ривожлантириш, мусаввирлар, айниқса, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг самарали ижод қилиши учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Мўйқалам усталари томонидан яратилаётган асарлар аҳоли, айниқса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. 

Б.Айтмуратовнинг пейзаж, портрет, натюрморт, тарихий-афсонавий жанрларда яратган картиналари, хусусан, “Ерназар олакўз”, “Маман бий”, “Тўмарис”, “Бердақ”, “Ўтовга таклиф”, “Ўмирбек лаққи”, “Гулойим”, “Овулда театр”, “Оқтош”, “Хотира”, “Оила”, “Умр йўллари”, “Овул манзараси” асарлари мутахассислар ва тасвирий санъат ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлган. 

Қорақалпоқ халқига хос миллийлик рассомнинг ҳар бир асарида уфуриб туради. Турли афсона ва халқ достонларини яхши билган мусаввир қаламидан яралган “Қирққиз”, “Гулойим” каби картиналарда бу янада яққол кўзга ташланади. Ижодкорнинг кузатувчанлиги, воқеа-ҳодисалардан ўзига хос хулоса чиқара олиши унинг кўплаб асарларида ўз ифодасини топган. Буни “Оила бахти”, “Қўноқлар”, “Учрашув” каби картиналарида янада ёрқин кузатиш мумкин. Портрет жанридаги “Даутбой Қайипов”, “Жумабой жиров”, “Артист”, “Гулбаҳор портрети” асарлари ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. “Синиш”, “Илгариги Орол”, “Ҳозирги Орол” номли картиналари кишини чуқур мушоҳада юритишга ундайди. Кўргазмада намойиш этилаётган “Тоғ”, “Баҳор”, "Қўрғон”, “Эски Тошкент”, “Кўприк”, “Оқтош ижод уйи” асарлари томошабинлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Диққат, диққат!  KRuz.uz сайтини ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бўлимлар