Мактаб ошхонаси фарзандингизга маъқулми?

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Бугунги кунда мактаб ошхонаси ва буфетлар фаолияти талаб даражасидами? Фарзандингиз мактабда нима еяпти? Ошхона ва буфетларнинг моддий-техник базаси қай даражада? Санитария-гигиена қоидаларига амал қилинаяптими? Сотилаётган маҳсулотлар сифати ва сотилиши тақиқланган маҳсулотларга нималар киришини биламизми?
Маълумки, кўпчилик ота-оналар мактаб ошхонасидан (буфет) бирон егулик олиб егин дея фарзандлари қўлига пул тутқазади.
Ўқувчи кўп вақтини мактабда ўтказади. Шу боис у тетиклаштирувчи ва қувват бўлувчи таомларни, маҳсулотларни истеъмол қилиши зарур.Яъни дарс жараёнида тез толиқишини ҳисобга олган ҳолда, организмини зарур озуқа ва микроэлементлар билан бойитиши даркор. Зеро, у истеъмол қилган маҳсулотлар энергиясининг 25 фоизини дарс жараёнида ишлатар экан.
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги «Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда ушбу ҳужжат асосида қабул қилинган Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг тегишли қарорига мувофиқ кўпгина таълим масканларида мактаб ошхонаси ва буфетлар фаолиятига катта аҳамият қаратилди, — дейди биз билан суҳбатда Нукус шаҳар халқ таълими фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутахассиси Жўлдасбой Қўсбергенов. — Инвестиция дастурига кўра Нукус шаҳридаги кўпгина таълим муассасаларининг ошхона ва буфетлари замонавий кўринишга эга бўлди. Моддий-техник базаси янада такомиллаштирилди. Бунга пойтахтимиздаги 1,36,37-мактабларни мисол тариқасида келтириб ўтсак арзийди. Мазкур мактаб буфетларида санитария-гигиена ҳолатлари талаб даражасида.Овқат рационига тўлиқ амал қилинади. Ўқувчилар сифатли ва калорияли маҳсулотларни истеъмол қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
— Умумтаълим мактабларида келажак эгаларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиши, уларда тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, инсон организми учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида сабоқ берувчи “Саломатлик сабоқлари”, “Соғлом авлод асослари” каби дарслар ўтилади.
Республика санитария-эпидемиалогия назорати марказининг 2010 йил 18 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ умумтаълим муассасалари ошхоналарида айрим маҳсулотлар сотилиши тақиқланди. Хусусан, саломатлигимиз учун хавф туғдирувчи гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса маҳсулотлари, чипслар, кириешки, хрустяшкилар, газланган салқин ичимликлар, қиздирилган ёғда тайёрланган хамирли маҳсулотлар, соуслар, кетчуплар, майонез маҳсулотлари, сақич ва шу каби маҳсулотлардир.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз ҳудудидаги баъзи бир мактабларда буфетлар фаолияти йўлга қўйилмаган. Мавжудлари ҳам талаб даражасида эмаслиги ачинарлидир. Айримларида эса сотилиши тақиқланган маҳсулотлар хали-ҳануз савдода яъни, ўқувчиларнинг ҳар кунги севимли тамадди маҳсулотлари бўлиб қолмоқда.
Баъзи бир ўқувчилар эса мактаб ошхонаси, буфети бўлса ҳам муассаса қошида ўз бизнесини ташкил қилган “савдогарлардан” чупа-чупс, кириешки ва қадоқланган тайёр маҳсулотлар, кун нурида ўз калорияси ва сифатини йўқотадиган шиколад ва бодроқ каби маҳсулотларни ҳарид қилишади. Бунга асосий сабаб нима эканлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
— Набирам 60-сонли мактаб ўқувчиси. Унга бирон нима олиб ейиши учун баъзида пул бериб тураман. Аммо кўпчилик ҳолатда набирам буфетдан кўра мактаб яқинида жойлашган бозорчадан нарса сотиб олишни хуш кўради. Унга мактаб ошхонасидаги маҳсулотлар сифатли ва арзон, табиий шароитда тайёрланганини тушунтириб бораман, — дейди хўжайлилик Санобар Мадаминова.
Хулоса ўрнида демоқчимизки, боланинг соғлом овқатланишини ташкил этишда аввало ота-онадан кўпроқ масъулият талаб этилади. Зеро, мактабга отланаётган фарзандингизга ўзингиз табиий шароитда бирон бир пишириқ ёки егулик тайёрлаб бериш имкони бўлмаса, қўлига пул ушлатишдан олдин унга мактаб ошхонаси борлигини эслатиб қўйинг. Ва албатта уй шароитида тайёрланган табиий маҳсулотлар саломатлигимиз учун хавфсиз эканлигини тушунтира олсангиз, болангизнинг соғлом ва тўғри овқатланишига, келажакда бақувват бўлишига ёрдамлашган бўласиз.
Шунингдек, мактаб маъмурияти ҳам ўзига юклатилган бурч ва вазифаларига масъулият билан ёндошсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, мактаб ошхонаси ёки буфет биринчи навбатда санитирия-гигиена талабларига тўла жавоб бериши керак. Унда сотилаётган маҳсулотлар сифатли, арзон бўлиши шарт. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка асосан айрим мактабларда сотилиши тақиқланган маҳсулотлар савдосига барҳам бериш даркор.
Феруза Нуруллаева.

qqtongi.u

Бўлимлар