Қонликўлда профилактика инспектори учун хизмат уйи топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл тумани “Бескўпир” овул фуқаролар йиғини профилактика инспектори Бердибой Дарёбоев оиласига замонавий хизмат уйининг калити топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ички ишлар идоралари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, тинчлик посбонларини муносиб меҳнат шароити ва турар-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Қанликўл тумани ички ишлар бўлими ходими, профилактика инспектори Б.Дарёбоев ҳам ана шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлди. 

– Ички ишлар ходимлари учун яратилаётган бундай шароитлар хизмат вазифамизни куну тун сидқидилдан бажаришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Б.Дарёбоев. – Энди овул аҳли билан янада яқин бўлиш, ҳудуддаги вазиятни доимий назорат қилиш имконияти кенгайди. 

Маҳалла фаоллари ва осойишталик посбонларининг яқин ҳамкорлиги кутилган самараларни бермоқда. 

– Овулимиз ҳудудидаги 789 хонадонда яшаётган 5 мингдан зиёд аҳоли тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Бескўпир” овул фуқаролар йиғини раиси Улуғбек Шомуратов. – Маслаҳатчилар, нуронийлар ва профилактика инспектори билан йўлга қўйилган тарғибот ишлари натижасида қонунбузарлик ҳолатлари кескин камаймоқда. Ўтган йилнинг биринчи ярмида овулда 5 жиноят содир этилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич бор-йўғи биттани ташкил этди. 

Овулдаги 3 умумтаълим мактаби, 19 пахта ва ғалла етиштириш, 3 чорвачилик, 2 боғдорчилик фермер хўжалиги, 1 агрофирма, 4 дўкон, 2 умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти ҳам профилактика инспектори эътиборидан четда қолаётгани йўқ. 

Бўлимлар