Амударёда тиббий хизмат сифати депутатлар назоратида (+Видео)

Маълумки, соғликни сақлаш соҳасида жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш мақсадида туман Кенгашининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали тадбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек бу соҳада назоратни самарали амалга ошириш бўйича комиссияси ташкил қилинган эди. Яқинда “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши раиси Ширин Янгибоева раҳбарлигидаги комиссия аъзолари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари таъминотининг бугунги ҳолати бўйича, шунингдек, мазкур масалалардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда тиббий хизмат сифатини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўриш мақсадида туманда ўрганишлар ўтказди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси сайловолди Платформасида оналик ва болаликни муҳофаза қилишга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Шу боис партия ташкилотлари ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда. Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида партия туман Кенгаши оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги тарғибот ишларини янада кенгайтирмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини юқори самарадорликка эга, арзон ва сифатли дори-дармон ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу қарор асосида четдан олиб келинадиган ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш бўйича чекланган савдо устамалари жорий этилди. Ўрганиш давомида тиббиёт муассасалари ва дорихоналарда ушбу қарор талабларига қай даражада риоя қилинаётгани ҳам кўздан кечирилди. Бу каби ишлар жамоатчилик ва депутатлик назоратини қўллаш орқали тиббиёт соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилади. 

 

Бўлимлар