Москвадаги фестивалда қорақалпоқ қизи ғолиблар сафидан жой олди (фото)

Шу йилнинг 14-21 сентябрь кунлари Мосвка шаҳрида  «ЭТНО АРТ ФЕСТ 2017» Москва-Лондон Халқаро этно-маданий фестивали ва ЮНЕСКО Конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Айзада Нурумбетова журналист Фурқат Юсуповга маълум қилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади халқаро ва минтақалар аро маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан, этно-маданий анъаналарни, халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандчилиги намуналарини асраб-авайлашдан, фестиваль иштирокчилари бўлган Россия ва МДҲ давлатлари ҳудудидаги ЮНЕСКО муҳофазасидаги объектларни таништиришдан иборат. Фестивалда асосан Россия ва МДҲ давлатларидан халқ амалий-санъати ва бадиий ҳунармандчилиги билан шуғулланувчи ҳунармандлар, мода индустрияси вакиллари ва таниқли дизайнерлар иштирок этди.

Фестиваль асосан «Кўргазма», «SHOW-ROOM» (ҳамкорлик тадбирлари), «ДЕФИЛЕ» (этно-маданий элементлар акс этган замонавий либослар коллекцияси) ва «Кўрик-танловлар» сингари бўлимлардан иборат.

Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган «ЭТНО АРТ ФЕСТ 2017» Москва-Лондон Халқаро этно-маданий фестивалида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан дизайнер Айзада Нурумбетова шогирди Нукус маданият ва санъат коллежи ўқувчиси Наргиза Утемуратова билан Қорақалпоғистон Республикаси номидан иштирок этди.

Халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихини ўзида акс эттирган миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимиз, айниқса, миллий либосларимиз дизайнер томонидан қайта тикланди ва ёш тафоввутига қараб  классификацияланди. У қизлар, келинчак ва катта ёшдаги аёллар кийадиган барча турдаги миллий либосларимизни аслини сақлаган ҳолда қайта тиклади. Шунингдек, миллийликни замонавийлик билан ўйғунлаштирган ҳолда либослар коллекциясини яратди.

«ЭТНО АРТ ФЕСТ 2017» фестивалида Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлган Наргиза Утемуратова миллий қўшиқ номинацияси ғолибига айланди.

Бўлимлар