“Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар-тренинг ўтқазилди

2016 йил 18-май куни Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси (ФЖШМҚМИ ҚР ҲБ) ҳамда Ўзбекистон ХДП ҚР Кенгаши билан ҳамкорликда сиёсий партия депутатлик бирлашмаларининг аъзолари ва сайлов фаоллари учун “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида семинар-тренинг ўтқазилди.

Семинар-тренинг давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг устувор давлат дастурлари ҳамда ҳудудлар иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга оширишдаги амалий иштироки қизғин муҳокама қилинди. Тўпланган тажрибага асосан, партия гуруҳларининг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига таъсир ўтказишнинг услубий жиҳатлари кўриб чиқилди. Бунда уларнинг жойларда қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширишдаги иштирокини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар-тренингда кўтарилган муҳим мавзулардан бири халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари (депутатлари)нинг ўз сайлов округларидаги фаолиятини кўриб чиқиш ҳамда мазкур фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган услубий тавсияларни ишлаб чиқиш бўлди. Ушбу мавзу доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ўз сайлов округларидаги электоратнинг доимий ижтимоий эҳтиёжлари ва манфаатларини аниқлаш ҳамда уларнинг кундалик ҳаётда юзага келадиган ижтимоий муаммоларини ечишга кўмаклашишда ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Семинар-тренинг якунида иштирокчилар томонидан партия дастурий мақсадлари ва уларнинг доимий электорати манфаатлари ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини жойларда самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Султанбек Нажимов

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси

Бўлимлар