“Пул йўқ, имтиёз ҳам йўқ”. Женисбек Пиязов маданият вазирига қорақалпоғистонлик хонандаларнинг муаммоси ҳақида гапирди

Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев 29 сентябр куни Ўзбекистон санъат ва маданият институтида мумтоз қўшиқ, миллий ва замонавий эстрада, опера йўналишида яккахон ва жамоа шаклида ижод қилаётган ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда “Daryo.uz” мухбири Феруз Муҳаммад маълум қилди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов ҳудуддаги хонандаларнинг муаммоси ҳақида очиқ-ойдин гапириб берди.

“Бутун Қорақалпоғистон хонандалари номидан бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Қорақалпоғистондаги экологик муҳитнинг ёмонлиги инобатга олинган ҳолда, масалан, ҳарбийларга, шифокорларга имтиёзлар берилган. Мисол учун имтиёзи борлар темирйўл, авиапарвоз хизматларидан 50 фозилик чегирма билан фойдаланиши мумкин, яна бошқа имтиёзлар ҳам бор.

Қорақалпоғистондаги хонандалар ҳозир ачинарли аҳволда, Ижод қилиш учун пул йўқ. Пул қилиш учун тўйга чиқиш керак, тўйга чиқиш учун эса лицензия бўлиши керак, лицензия олиш учун ҳам пул керак. Илтимос биздаги экологик вазиятни инобатга олиб, бу муаммони ҳам кўриб чиқсангиз ва хонандаларга имтиёзлар қилиб берсангиз”, дея фикр билдирган Женисбек Пиязов.

Маданият вазири Сайфуллаев бир муддат аввал қорақалпоғистонлик хонандалар билан учрашганини маълум қилиб, хонанда Пиязов айтган муаммо ҳақиқатдан ҳам мавжудлигини тан олди. Вазир бу муаммони ҳал қилишга вада берди.

“Ўзбекконцерт” давлат муассаси раҳбари Азамат Ҳайдаров ҳам Женисбек Пиязов жуда тўғри муаммони кўтарганини такидлаб, бу масалада амалий чоралар кўришини маълум қилди.

Бўлимлар