Мўйноқда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

“Устюртгаз” масъулияти чекланган жамиятининг “Мўйноқ оргтехника ремонт сервис” корхонаси томонидан 150 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига “Оргтехника хизматини ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиб, 10 иш ўрни яратилди. Туман марказида “АХЗ Байрон” корхонаси ўз маблағи ҳисобидан 1 миллиард 200 миллион сўмга “Суюлтирилган газ қуйиш шохобчасини қуриш” лойиҳасини рўёбга чиқариб, 7 кишининг бандлигини таъминлаган бўлса, тадбиркор Озод Қалилаев банкдан олган 70 миллион сўм кредит ва 10 миллион ўз маблағи ҳисобидан музқаймоқ ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширди. 

Туман марказидаги эски кинотеатр иморати таъмирланиб, “3D синема маркази” ташкил этилишида “Мўйноқ сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан 150 миллион сўмлик лойиҳа бажарилди. Натижада 10 киши иш билан банд бўлди. 
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“Ҳаким ота” овул фуқаролар йиғинидаги почта иморати таъмирланиб, дорихона, озиқ-овқат дўкони ва "Гўзаллик салони" ишга туширилди. “Султонбек бизнес Қўнғирот” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган 40 миллион сўмлик мазкур лойиҳа туфайли аҳолига қулайликлар яратилди. Тадбиркор Бердибек Сағиндиқов саъй-ҳаракати билан шу овулда 50 миллион сўмлик лойиҳага кўра дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бунёд этилди. Туман марказида “Деҳқон бозори”, автошоҳбекат иморатлари капитал таъмирланиб, бутунлай янгича қиёфа касб этди. 

Тумандаги эски Мўйноқ консерва заводи ҳудудидан 16 гектар, 5-қурилиш бошқармаси ҳудудидан 4,5 гектар майдонда ташкил этилган кичик саноат зонасида электротехника, қурилиш материаллари, суғориш ускуналари, тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 

Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 2019 йилга бориб, туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 марта, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш кўлами 1,5, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 1,3, хизмат кўрсатиш 1,7 мартага ўсиши кутилмоқда. 

Бўлимлар