Қорақалпоғистонда 636 километр электр тармоғи ва 268 трансформатор пункти қуриш талаб этилмоқда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Сўнгги 7 йилда Оролбўйида 223 янги массив барпо этилиши натижасида хонадонлар сони ортиб, уларни кафолатли электр энергияси билан таъминлаш учун қўшимча 636 километр электр тармоғи ва 268 трансформатор пункти қуриш талаб этилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан аҳволни ўрганиш жараёнида Беруний, Тахиатош, Хўжайли, Қўнғирот ва Амударё туманларида 7 трансформатор пункти ўрнатилиб, 1 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Хўжайли туманининг энг чекка ҳудуди – “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудуди аҳолиси ҳам анчадан буён электр таъминотидаги тез-тез узилишлардан қийналаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди. 

– Овулимиз ҳудудида кейинги йилларда аҳоли кўпайиб, хонадонлар сони ортиб бормоқда, – дейди овул фуқаролар йиғини раиси Иномжон Эшниёзов. – Айни пайтда жами 9 аҳоли пунктида 8 минг 500 дан зиёд киши истиқомат қилади. “Туякаш” аҳоли пунктида яшовчи 210 хонадонга эски подстанциянинг кучи етмай, электр таъминотида узилишлар тез-тез учраётган эди. Шунинг учун аҳоли Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди. 

Аҳоли мурожаати асосида “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан қисқа фурсатда бу ерда 250 кВт кучланишдаги янги электр подстанцияси ўрнатилди. Натижада аҳоли пунктида яшовчи барча хонадонда электр таъминоти сифати яхшиланиб, узилишлар барҳам топди. 

Бўлимлар