O’zLiDeP: Ишбилармон аёл танлови ғолиблари аниқланди

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида “Ишбилармон аёл” танловининг Республика босқичи ўтказилди. Унда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётида аёллар  иштирокидаги хусусий сектор улуши ва аҳамиятини оширишга кенг аҳамият берилди.  

Қайд этилганидек, мустақиллик шароитида ўзбек аёлининг меҳнатда, маданий-маънавий ҳаётда, жамоат ишларида ўрни ва мавқеи ҳар қачонгидан кўра тобора юксалиб бормоқда. Давр аёли барча жабҳаларда ишга масъулият билан ёндошиб, фидокорона меҳнати билан барча соҳаларда фаол иштирок этиб, кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожида ҳам опа-сингилларимиз муносиб ҳиссаса қўшиб келмоқда.

Улбосин Аннабаева, Тахтакўпир тумани “Рано-чевар” хусусий корхонаси раҳбари, танловнинг 1-ўрин соҳибаси:

–Мазкур танлов кўтаринки руҳда ўтканлиги билан кўп сонли хотин-қизларни ўз сафига жалб этди. Чунончи, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик субъекти ўртасида хўжалик алоқасини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 250 дан ортиқ аёллар ўзаро беллашди. Мен ҳам мазкур танловда қорақалпоқ халқининг миллий нақшлари туширилган кийимлар, тўқимачилик бўйича тайёрлаган ишларим билан қатнашиб, танловнинг энг олий ўринига лойиқ деб топилдим. Йўлга қўйган ишимни янада кенгайтириб, келгусида коллеж битирувчилари, айниқса, қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга ўз ҳунарим сир-асрорларини ўргатишни ният қилганман.

Гулистон Джарилқағанова, Қораўзак тумани “Гулистон” фермер хўжалиги раҳбари, танловнинг 2-ўрин соҳибаси:

 – Бугун эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни иқтидорини рўёбга чиқариш энг долзарб вазифалардан саналади. Зеро, опа-сингилларимиз бугунги ўзгариш ва янгиланиш жараёнида фаол иштирок этиш баробарида, ўзининг интелектуал салоҳияти, профессионал малакаси ва маҳорати билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Мазкур танловнинг ўтказилиши эса албатта, мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътиборни янада кучайтиради. Зеро, бугун давлатимиз томонидан соҳага қаратилаётган юксак эътибор, иқтисодий кўмак эса биз фермерларга берлаётган жуда катта рағбат намунасидир. 

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, қўнғиротлик ишбилармон қиз Насиба Абдуллаева 3-ўрин ва яна беш нафар ишбилармон аёллар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятда ўтказилган мазкур танловда янги иқтидор эгалари кашф этилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичларида вилоят миқёсида 70 га яқин фаол, ишбилармон ва тадбиркор аёлларнинг иштироки қамраб олинган бўлса, сараланган 14 нафар энг фаол ишбилармон аёллар кўрик танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

 

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи доирасида ўтказилган тадбирда иштирокчи хотин-қизларнинг замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратгани, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб  чиқаргани, аҳолига хизмат кўрсатишни қай даражада йўлга қўйгани, партиямиз томонидан ташкил этилаётган тадбирлардаги фаоллиги ва либерал демократик ғояларни қай даражада ўз онгига сингдирганлигига эътибор қаратилди.

Кўрик-танлов давомида ҳайъат аъзолари иштирокчилар томонидан намойиш қилинган кўргазмалар ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини қай даражада ўзлаштирганлиги, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан инновацион лойиҳалари, партия фаолиятидаги фаол иштироки каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиб баҳолаб боришди. 

   O’zLiDeP Матбуот хизмати.           

Бўлимлар